Бугун, 24 май куни, “Кўксарой” қароргоҳида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Сингапур президенти Ҳалима Яқубнинг музокаралари бўлиб ўтди.
Учрашув аввалида Сингапур президенти давлат раҳбарига Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келиш таклифи ва Сингапур делегациясига кўрсатилаётган илиқ қабул учун миннатдорлик билдирди. Бўлажак Ўзбекистон президент сайловида муваффақиятлар тилади.
Ушбу олий даражадаги ташриф икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён ўтган 25 йил ичида биринчиси экани таъкидланди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жорий йил январь ойида Сингапурга амалга оширган ташрифи якунида ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари бўйича эришилган барча келишувлар изчил амалга оширилаётгани қайд этилди.
Музокараларда сиёсий мулоқот ва парламентлараро алоқаларни янада мустаҳкамлаш, халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлаш, давлат бошқаруви соҳасида кадрлар тайёрлаш дастурларини амалга ошириш, жамоат хавфсизлик ва маданий-гуманитар алмашинув борасидаги мулоқотларни фаоллаштириш масалаларига эътибор қаратилди.
Савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳаларда ютуқларга эришилаётгани алоҳида таъкидланди. Жорий йил бошидан ўзаро савдо кўрсаткичлари бир неча баробар ошди. Сингапур Ўзбекистоннинг энг йирик инвесторлари сафига кирди. Бугунги кунда Сингапур етакчи компаниялари билан биргаликда кимё ва тўқимачилик саноати, транспорт ва логистика, шаҳарсозлик, таълим хизматлари, хусусийлаштириш соҳаларида 3,8 миллиард долларлик лойиҳаларнинг амалга оширилиши фаол паллага кирган.
Иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари батафсил кўриб чиқилди. Ташрифнинг ишбилармонлик дастури доирасидаги Ўзбекистон-Сингапур бизнес-форуми натижалари савдо, логистика, инновациялар, энергетика, соғлиқни сақлаш каби соҳаларда етакчи компанияларнинг инвестициявий шериклигини кенгайтиришга хизмат қилишига ишонч билдирилди.
Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва озиқ-овқат маҳсулотларининг Сингапур бозорига етказиб берилишини йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди.
Томонлар гуманитар лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга қатъий интилишини билдирди.
Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси негизида ташкил этилган қўшма таълим маркази доирасида Сингапурнинг давлат бошқаруви ва бошқарув кадрларини тайёрлаш борасидаги тажрибасини жорий этиш муҳимлиги таъкидланди.
Сингапурнинг Ўзбекистондаги олий таълим муассасалари фаолияти ҳамда икки мамлакат ўртасидаги мунтазам маданий, таълим ва туризм алмашинувларнинг фаоллашиши қўллаб-қувватланди.
Давлат раҳбарлари Марказий ва Жануби-Шарқий Осиёда минтақавий интеграциянинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашиб, халқаро майдонда, энг аввало БМТ доирасида ҳамда Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш жараёнида ўзаро англашув ва қўллаб-қувватлаш даражаси юқори эканини қайд этдилар.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг