14:30 / 25.01.2024
73

Ўзбекистонда ҳар бир хитойлик ҳамкорга ҳамроҳлик қилувчи инвестиция менежери тайинланади

Ўзбекистонда ҳар бир хитойлик ҳамкорга ҳамроҳлик қилувчи инвестиция менежери тайинланади
Фото: Президент матбуот хизмати

Хитойга давлат ташрифининг ишбилармонлик тадбирлари давомида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Гуандун музофоти партия қўмитаси котиби Хуан Кунмин билан биргаликда Шэнчжэн шаҳрида ўтаётган қўшма инвестиция форумида иштирок этди.

Давлат раҳбари форумни очар экан, барча иштирокчиларни самимий қутлади ва тадбир ҳақли равишда Хитойнинг инновациялар пойтахти ҳисобланган Шэнчжэн шаҳрида ўтказилаётганида ўзига хос рамзий маъно мужассам эканини таъкидлади.

Ўзбекистон президенти икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик жадал суръатда ўсиб, кенг кўлам касб этаётганига алоҳида эътибор қаратди. Кейинги йилларда ўзаро савдо ҳажми икки баробар кўпайиб, 2023 йилда рекорд кўрсаткич - 14 миллиард долларга етди.

Давлат раҳбари яқин йилларда, шу жумладан қишлоқ хўжалиги ва саноат маҳсулотларини ўзаро етказиб беришни кенгайтириш, айрим турдаги маҳсулотлар бўйича имтиёзли савдони йўлга қўйиш тўғрисида янги ҳукуматлараро битим тузиш орқали бу кўрсаткични 20 миллиард долларга етказиш учун имконият борлигини яна бир бор қайд этди.

Хитойнинг Ўзбекистонга киритган умумий инвестициялари ҳажми 14 миллиард доллардан ошди. Хитой сармояси иштирокидаги корхоналар сони уч баробар кўпайди. Давлат раҳбари яқинда Урумчида ўтган ҳудудлараро форум ва саноат маҳсулотлари кўргазмасида муҳим инвестиция келишувлари имзоланганини юқори баҳолади.

Ўзбекистон томони ушбу ишбилармонлик платформасига тизимли тус бериш ва навбатдаги форумни юртимизда ўтказишга тайёрлиги билдирилди. Шунингдек, давлат раҳбари доимий фаолият юритадиган икки мамлакат ҳудудлари кенгашини ташкил этиш бўйича режаларни олқишлади.

Биргаликдаги саъй-ҳаракатларни янги лойиҳа ва ташаббусларни илгари суришга сафарбар этиш муҳимлигини қайд этиб, давлат раҳбари келгуси ҳамкорликнинг устувор ва истиқболли йўналишларини кўрсатиб ўтди.

Булар - инфратузилмани ривожлантириш лойиҳаларига Хитой молия институтлари маблағларини жалб қилишнинг соддалаштирилган тартибини жорий қилган ҳолда ушбу мамлакат компаниялари билан шерикликни кенгайтириш, иқтисодиётнинг устувор тармоқларида, шу жумладан стратегик хомашёни чуқур қайта ишлашда саноат кооперациясини ривожлантириш.

Бундан ташқари, қишлоқ хўжалигини барқарор юритишда Хитойнинг илғор технологияларини жалб қилиш ҳамда ерларни қайта тиклаш ва тузга чидамли ўсимликларни экиш бўйича илмий ёндашувларини жорий қилиш.

“Яшил” энергетикада стратегик шерикликни янада илгари суриш ва Хитой компанияларининг хусусийлаштириш дастурида иштирок этиши ҳам муҳим йўналишлар сифатида қайд этилди.

Шу муносабат билан инвестиция лойиҳалари портфелини, инфратузилма ва саноат кооперациясини ривожлантириш дастурларини кенгайтириш бўйича хитойлик шериклар билан келишувларга эришилгани қайд этилди.

Шунингдек, ташриф давомида Хитойнинг етакчи банклари томонидан лойиҳаларни молиялаштиришни кенгайтириш, Экспорт-импорт банки ваколатхонасини очиш ва Ипак йўли фонди билан биргаликда янги Инвестиция платформасини яратиш бўйича қабул қилинган қарорлар хитойлик ҳамкорларнинг Ўзбекистондаги муваффақиятли фаолиятига кучли суръат бағишлаши таъкидланди.

- Яна бир янгилик. Ҳар бир хитойлик ҳамкорга лойиҳалар бошидан охиригача ҳамроҳлик қилувчи инвестиция менежери тайинланади. Улар компанияларингиз лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширишида янги имкониятлар яратишига қатъий ишонамиз, - деди президент.

Бизнес форуми якунида энергетика, нефт-газ, тоғ-кон, электротехника, енгил саноат, машинасозлик, инфратузилмани ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, таълим, транспорт ва логистика соҳаларида лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳужжатларнинг катта тўплами имзоланди.

“Йўл харита”си ишлаб чиқилиб, ҳар бир лойиҳага масъул менежерлар бириктирилади.

Якунда Ўзбекистон президенти ушбу Гуандун инвестиция форумини ҳар йили ташкил этиш ташаббусини илгари суриб, унинг навбатдаги учрашувини келгуси йилда Самарқанд шаҳрида ўтказишни таклиф қилди.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Ўзбекистонда ҳар бир хитойлик ҳамкорга ҳамроҳлик қилувчи инвестиция менежери тайинланади