19:00 / 22.11.2024
21

Такси ҳайдовчилари лицензияси нархи икки баробарга қимматлашди

Такси ҳайдовчилари лицензияси нархи икки баробарга қимматлашди
Автомобильда йўловчи ва юкларни ташиш ҳуқуқини берувчи лицензия нархи 340 минг сўмдан 675 минг сўмга ошган.

“Дарё” нашри нархнинг қарийб икки баробар қимматлашишига нима сабаб бўлганини ўрганди. Ягона интерактив давлат хизматлари портали Call-маркази операторларининг маълум қилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 июлдаги қарорига асосан 2019 йил 30 июлдаги ҳукумат қарорига қўшимча ва ўзгартириш киритилган.

Унга кўра, эндиликда ариза берувчи ушбу давлат хизмати бўйича сўровнома тўлдираётганда ўзини ўзи банд қилган шахсни давлат солиқ хизмати органларида рўйхатдан ўтказиш хизматидан композит усулда фойдаланиши мумкин. Содда қилиб тушунтирадиган бўлсак, ноябрдан бошлаб йўловчи ва юкларни ташиш ҳуқуқини берувчи лицензия нархи билан бир вақтда ўзини ўзи банд бўлган шахслар учун кўзда тутилган бир йиллик солиқ ҳам ундириб олинмоқда.

Фото: Скриншот
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 июлдаги қарор билан 3 ноябрдан бошлаб аризани кўриб чиқиш учун тўланадиган йиғим миқдори Давлат хизматлари маркази орқали топширилганда базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари (750 минг сўм), Ягона интерактив хизматлар портали орқали мурожаат қилинганда эса эса 1,8 баравари этиб белгиланган.

Аввалги тартибда мазкур хизмат учун йиғим нархи БҲМнинг 1 баробари (340 минг сўм) миқдорида белгиланган эди. Октябрдан базавий ҳисоблаш миқдори 340 минг сўмдан 375 минг сўмга оширилган. Шунинг баробарида лицензия бериш ҳақидаги аризани кўриб чиқиш учун тўланадиган йиғим миқдори ҳам тенг миқдорида қимматлашгани оқибатида ҳозирги нарх келиб чиққан.

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2022 йил 7 июлда имзоланган “Автотранспорт воситаларини бошқаришда ва йўналишсиз такси фаолиятини амалга оширишда қўшимча қулайликлар яратиш тўғрисида”ги қарор билан 2022 йил 1 сентябрдан 2024 йил охирига қадар фуқаролар ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтиб, енгил автомобилда йўловчи ташиш фаолиятини амалга оширишига рухсат берилганди.

Бунинг учун ҳайдовчилар аввало ўзини ўзи банд бўлган шахс сифатида рўйхатдан ўтади. Сўнгра йўловчи ташишга лицензия варақаси олиш учун ариза билан мурожаат қилинади.

Маълумотларга кўра, 2024 йилнинг 1 март ҳолатига ўзини ўзи банд қилган ҳайдовчилар 420,8 минг нафарни ташкил этмоқда. 2024 йилнинг январь—май ойларида автомобиль транспортида кўрсатилган бозор хизматлари умумий ҳажмида такси хизматларининг улуши 52,1 фоизни ёки 11 триллион сўмни ташкил этган. Автомобиль транспортида йўловчи ташишнинг умумий ҳажмида такси хизматларининг улуши 80,5 фоизни ташкил этади.

Маълумот учун, президентнинг 2022 йил 19 декабрдаги қарори билан электромобиллар ва гибрид автомобилларда йўловчиларни ташиш хизматларини кўрсатувчи жисмоний ва юридик шахслар 2030 йил 1 январга қадар лицензия варақалари берилгани учун давлат божини тўлашдан озод этилган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Такси ҳайдовчилари лицензияси нархи икки баробарга қимматлашди