
Президент Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятида бўлиб ўтган йиғилиш давомида Австриянинг машҳур «Bauer» компанияси билан ёмғирлатиб суғориш технологиясини кенг кўламда жорий этиш бўйича муҳим келишувга эришилганини маълум қилди.
Унга кўра, ушбу замонавий технологияни дастлаб синов тариқасида мамлакатимиздаги 24 нафар фермернинг 2,5 минг гектар майдонида татбиқ қилиш натижасида сув истеъмоли 40 фоизга, минерал ўғитлардан фойдаланиш 35 фоизга, қўл меҳнати сарфи эса 90 фоизга камайган. Бундан ташқари, ҳосилдорлик кўрсаткичи ўртача 25 фоизга ошгани кузатилган.
Бу тажриба лойиҳаси ўз самарасини тўлиқ исботлаганидан кейин, энди Хоразмда катта ҳажмда — 7,5 минг гектар ерда ушбу технологияни кенг жорий қилиш режалаштирилмоқда.
Мазкур лойиҳа доирасида фермерларга жами қиймати 15 миллион евро бўлган замонавий ёмғирлатиб суғориш техникалари етказиб берилади. Бу қурилмалар лизинг асосида, миллий валютада, жуда қулай — йиллик 2,5 фоиз ставка билан 10 йил муддатга ажратилади.
Австрия томони ўзининг юқори сифатли техникалари учун 10 йил муддатга кафолат ҳам беряпти. Шу билан бирга, маҳаллий фермер ва мутахассисларнинг ушбу техникалардан тўғри фойдаланиши учун компания экспертлари бепул ўқув курсларини ташкил қилади.
Президент йиғилиш давомида мутасаддиларга бу йилнинг ўзидаёқ 1,5 минг гектар майдонда қиймати 2 миллион евро бўлган лойиҳани тажриба тариқасида амалга оширишни ва 2025 йилдан эса бу кўрсаткични 7,5 минг гектарга етказишни топширди.
Мутахассисларнинг фикрича, бу технология нафақат сув ва минерал ўғитларни тежаш, балки ернинг унумдорлигини сақлаш ва ҳосилдорликни янада ошириш имконини беради. Бу орқали ҳудуддаги фермер хўжаликларининг иқтисодий самарадорлиги кескин ошиб, табиат ресурслари тежалади ва атроф-муҳит муҳофазасига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Хоразм вилоятиАвстрия технологиясиЁмғирлатиб суғоришФермер хўжаликлариСув тежашХосилдорлик ошиш Янгиликлар
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар