
Ўзбекистонда етиштириладиган ширин ва шаҳдли гилос энди Буюк Британия бозорларини ҳам забт эта бошлади. Мамлакатимизнинг агроэкспорт салоҳияти йил сайин ўсиб, халқаро бозорлардаги мавқеини мустаҳкамлаб бормоқда. Жорий йилдаги илк гилос партияси Uzbekistan Airways’нинг “Тошкент–Лондон” авиарейси орқали Лондон шаҳрига муваффақиятли етказиб берилди.
Экспорт партияси Буюк Британиянинг йирик чакана савдо тармоқлари орқали сотувга чиқарилади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, Ўзбекистон гилоси ўзининг бетакрор таъми, кўркам ташқи кўриниши ва табиий экологик тозалиги билан Британия истеъмолчилари орасида аллақачон ижобий фикр ва қизиқиш уйғотган.
Айни пайтда юртимиздан нафақат гилос, балки 30 дан ортиқ турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари — жумладан, янги узилган узум, қуритилган ва консерваланган мевалар, сабзавотлар, ёнғоқ, қовун ҳамда дуккакли маҳсулотлар ҳам Буюк Британия бозорларига йўл олмоқда. Бу эса Ўзбекистон маҳсулотларига бўлган ишонч ва талаб тобора ошиб бораётганини кўрсатади.
Иқтисодчилар фикрича, аграр соҳадаги бундай ютуқлар нафақат миллий иқтисодиётни мустаҳкамлаш, балки янги иш ўринлари яратиш ва валюта тушумини оширишга ҳам катта ҳисса қўшади. Шу билан бирга, маҳаллий фермерларимиз учун Европа бозорларига чиқиш имкони кенгаймоқда.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги йилларда мамлакатимизда экспортга йўналтирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, уларни халқаро стандартлар асосида қайта ишлаш ва қадоқлаш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар ўз мевасини бериб, Ўзбекистон брендининг жаҳон бозоридаги нуфузи ортиб бормоқда.
Шу тариқа, ўзбек гилоси дунё бозорларида нафақат мазаси, балки сифати билан ҳам тан олинмоқда. Буюк Британияга йўл олган илк партия — бу катта йўлнинг бошланиши, десак муболаға бўлмайди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар