
Машҳур кўнгилочар компания — Дисней глобал миқёсда навбатдаги оммавий қисқартиришларни эълон қилди. Компания кино, телевидение, молия ва бошқа асосий бўлимларда фаолият юритаётган юзлаб ходимлар билан хайрлашишга мажбур бўлаётганини билдирди. Бу ҳақда АЗƏРТАC агентлиги хабар тарқатди.
BBC нашрининг ёзишича, сўнгги йилларда кабелли телевидение обуначилари сонининг кескин камайиши ва стреаминг хизматларига талабнинг ортиб бораётгани Диснейъни кескин қарорлар қабул қилишга мажбур қилмоқда.
"Кўнгилочар саноат кескин суръатларда ўзгариб бормоқда. Биз эса мижозларимиз қадрлайдиган ижодкорлик ва инновацияларни сақлаган ҳолда, фаолиятимизни янада самаралироқ юритиш йўлларини излаяпмиз", — дея баёнот берди компания вакили BBC билан суҳбатда.
Мазкур қисқартиришлар компания бош директори Боб Игер томонидан ишлаб чиқилган 5,5 миллиард долларлик харажатларни камайтириш режаси доирасида амалга оширилмоқда. Эслатиб ўтамиз, ўтган 2023 йилда Дисней 7 минг нафар ходимни ишдан бўшатган эди.
Янги тўлқиндаги қисқартиришлар маркетинг, кастинг, лойиҳа ишлаб чиқиш ҳамда кино ва телевидение соҳасидаги корпоратив молия каби йўналишларни ҳам қамраб олади. Бироқ компания ҳеч бир бўлим тўлиқ ёпилмаслигини таъкидлади.
Ҳозирда Калифорнияда жойлашган Дисней компаниясида 233 минг нафардан ортиқ ходим фаолият юритади. Улардан 60 мингдан зиёди хорижий мамлакатларда ишлайди. Дисней қошида Марвел, Ҳулу, ЭСПН каби глобал брендлар мавжуд.
Шу билан бирга, жорий йилнинг май ойида Дисней йилнинг дастлабки чорагида 23,6 миллиард доллар даромад олганини маълум қилди. Бу ўтган йилга нисбатан 7 фоизга кўп бўлиб, компания буни Дисней+ стреаминг хизматига янги обуначилар оқими билан изоҳлади.
Экспертлар фикрича, бу қисқартиришлар Диснейънинг рақамли трансформация жараёнида бозор талабларига мослашиш ҳаракати сифатида қаралмоқда. Компания эндиликда асосий эътиборни замонавий технологиялар ва рақамли контентга қаратмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар