date

Ўзбекистонда иш ҳақи ошмоқда, аммо минтақадаги давлатлардан ортда қолмоқда

Ўзбекистонда иш ҳақи ошмоқда, аммо минтақадаги давлатлардан ортда қолмоқда

Ўзбекистонда 2025 йилнинг иккинчи чорагида иш ҳақи миқдорлари бўйича ўсиш тенденцияси давом этгани қайд этилди. Марказий банк тақдим этган маълумотларга кўра, номинал иш ҳақи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 17,2 фоизга ошиб, реал иш ҳақи 7,3 фоизга кўтарилган. Мамлакат бўйича ўртача ойлик иш ҳақи қарийб 6 миллион сўм атрофида шакллангани таъкидланмоқда.
Соҳалар кесимида таҳлил этилганда, молия ва суғурта ҳамда ахборот ва коммуникация хизматлари йўналишлари иш ҳақи бўйича етакчи тармоқлар бўлиб қолмоқда. Хусусан, молия соҳасида ўртача иш ҳақи 16,3 миллион сўмни, ахборот ва коммуникация соҳасида эса 14,8 миллион сўмни ташкил этмоқда. Шу билан бирга, ахборот технологиялари, транспорт хизмати ва ижтимоий хизматлар тармоқларида иш ҳақи ўсиш суръати бошқа соҳалардан анча юқори бўлгани қайд этилди.
Бироқ барча соҳаларда ҳам ижобий динамика кузатилмади. Хусусан, қурилиш соҳасида номинал иш ҳақи 6,1 фоизга кўтарилган бўлса-да, инфляция ҳисобга олинганда, реал иш ҳақи 2,8 фоизга пасайиб кетган. Бу эса тармоқдаги қийинчиликлар ҳали ҳам сақланиб қолаётганини кўрсатади.
Ҳужжатда алоҳида таъкидланишича, сўнгги чоракларда Ўзбекистонда реал иш ҳақи ўсиш суръати минтақадаги кўплаб давлатларга нисбатан паст даражада. Масалан, жорий йилнинг январь–март ойларида Марказий Осиё мамлакатларида бу кўрсаткич ўртача 9,8 фоизни, Кавказ давлатларида эса 9,1 фоизни ташкил этган. Ўзбекистонда эса шу кўрсаткич атиги 7,2 фоиз бўлган. Мутасаддиларнинг фикрича, агар ушбу тафовут узоқ муддат давом этса, аҳоли харид қобилияти пасайиши ва ички талаб сўнишига олиб келиши эҳтимолдан холи эмас.
Шунингдек, 2025 йил иккинчи чорагида мамлакатда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 91 АҚШ долларига тенг бўлгани қайд этилди. Солиштириш учун, Беларусда минимал иш ҳақи 243 доллар, Озарбайжонда 235 доллар, Монголияда эса 222 долларга тенгдир.
Бироқ Ўзбекистондаги муҳим жиҳатлардан бири — минимал иш ҳақининг аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулотга нисбати 35 фоизга етгани. Мутасаддилар таъкидлашича, ушбу кўрсаткич юқори бўлган давлатларда даромадлар нисбатан барқарор ва тенг тақсимланади, паст бўлган ҳолларда эса аҳоли ўртасида даромад нотекислиги кучаяди. Минтақада Қозоғистон, Қирғизистон ва Грузиядан ташқари кўпгина давлатларда бу кўрсаткич Ўзбекистонникига яқин даражада шаклланган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Ўзбекистонда иш ҳақи ошмоқда, аммо минтақадаги давлатлардан ортда қолмоқда