Янги ўқув йили бошланиши нафақат дарслар ва имтиҳонлар, балки ортиқча сарф-харажатлар сабабли ҳам кўпчилик учун стрессли кечади. The Guardian талабалардан пулни тежаш бўйича фойдали тажрибаларни жамлади.
Биринчи маслаҳат — ҳар доим талабаларга мўлжалланган чегирмаларни текшириб боринг. “Чегирмали сайтларга аъзо бўлинг. У ердан озиқ-овқатдан тортиб технологиягача бўлган маҳсулотларга промо-кодлар топиш мумкин”, — дейди Лондон университети талабаси. Одатдаги харидларда 10–20 фоиз тежалган пул ҳам анчагина аҳамиятли бўлиши мумкин.
Яна бир маслаҳат тунги ҳаёт билан боғлиқ. Edinburg университети битирувчиси нақд пулдан фойдаланиш уни бюджетни назорат қилишга ўргатганини тан олади: “Ҳамёндаги белгиланган миқдор режалаштирилганидан ортиқча харажат қилишга йўл қўймайди. Карта билан эса тезда назоратни йўқотиш мумкин”. Шунингдек, унинг сўзларига кўра, бу усул телефон йўқотиш хавфини ҳам камайтиради.
Талабалар асосий эҳтиёжларда сифатдан қочмасликни маслаҳат беришади: “Ҳар олти ойда арзон чойшаб ёки идишларни алмаштиргандан кўра, бир марта яхши сифатлисини сотиб олиш фойдалироқ”. Бундай ёндашув узоқ муддатда анча тежамкор бўлади.
Шунингдек, ўқиш давомида аллақачон тўланган имкониятлардан фойдаланишни унутманг. “Талабалар клубларига қўшилинг, спорт ёки театр билан шуғулланинг — бу субсидияланади ва қимматли тажриба беради. Бундан ташқари, кўплаб университетлар амалиёт ва чет эл сафарларини молиялаштиради”, — дея таъкидлайди талабалар.
Яна бир оддий усул — чиқишларни олдиндан режалаштириш. Муассасаларнинг менюсини ва акцияларини олдиндан онлайн кўриб чиқиш кутилмаган харажатлардан қутқаради.
Хулоса шуки, молиявий интизом, бироз ижодкорлик ва университетнинг барча имкониятларидан тўғри фойдаланиш талабаларга ортиқча харажатларни енгиб ўтишга ёрдам беради.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!