Россия Марказий Осиё мамлакатларига, жумладан Ўзбекистонга табиий газ етказиб бериш ҳажмини оширди. ТАСС агентлигининг маълумотича, Россиянинг Ўзбекистондаги савдо ваколатхонаси “Газпром” компанияси 2024 йилнинг январь–август ойларида газ экспорт ҳажмини 15 фоизга кўпайтирганини маълум қилди.
Компания раҳбари Алексей Миллерга кўра, яқин беш йил ичида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон иқтисодиёти 60 фоизга ўсиши мумкин. Бу эса энергия ва газга бўлган эҳтиёжни янада оширади.
Мутахассислар фикрича, Россия газининг Марказий Осиёдаги экспорти ўсишида “Сибир қудрати – 2” газ қувури муҳим рол ўйнайди. Лойиҳа амалга оширилгандан сўнг Россия Хитойга ва жанубий йўналишларга газ етказиб беришни кенгайтириш имконига эга бўлади.
Ўзбекистон Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, мамлакат 2025 йилнинг январь–август ойларида Туркманистон ва Россиядан газ импортини 27,9 фоизга қисқартириб, 885,9 миллион долларга туширган. Бироқ Энергетика вазирлиги импорт ҳажми ва нархи ҳақида маълумот очиқламади.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил октябрида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Россия раҳбари Владимир Путин ва Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Россия газини Қозоғистон орқали Ўзбекистонга етказиб беришни расман йўлга қўйган эди. Шартнома доирасида Ўзбекистон ҳар йили 2,8 миллиард куб метр газ харид қилади.
Мутахассислар таъкидлашича, Россиянинг бу ҳаракати нафақат иқтисодий, балки геосиёсий аҳамиятга ҳам эга. Бу ўз навбатида Ўзбекистон учун энергия хавфсизлигини таъминлаш ва минтақадаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш имкониятини яратади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!