date

Ўзбекистон аҳолиси банкларга доллар сотишда рекорд даражага чиқди

Ўзбекистон аҳолиси банкларга доллар сотишда рекорд даражага чиқди

Ўзбекистонда хорижий валюталар бўйича ички бозор фаоллиги кескин ошди. Марказий банк эълон қилган “Ички валюта бозори шарҳи”га кўра, 2025 йил январь–октябрь ойларида валютага бўлган талаб 24 фоизга, таклиф эса 26 фоизга кўтарилган.

Энг диққатга сазовор ҳолат шундаки, аҳоли тижорат банкларига 10 ой давомида 17,4 миллиард доллар сотган. Бу – 2024 йилнинг мос давридагидан қарийб бир ярим баробар юқори кўрсаткич. Мазкур рақам мамлакатда валютани расмий каналлар орқали сотишга бўлган ишонч ва фаоллик анча ошганини кўрсатади.

Шунингдек, 2024 йил давомида аҳоли банкларга 13,2 миллиард доллар сотган эди. 2025 йилнинг уч чорагидаёқ бу кўрсаткич 15,2 миллиард долларга етиб, йиллик рекорднинг қай даражада ортганини янада яққол намоён қилди.

Ҳисобот даврида банклар жисмоний шахслардан 9,6 миллиард доллар сотиб олди. Бу ўтган йилга нисбатан 24 фоиз кўп. Эътиборлиси, аҳоли таклифи талабдан 7,8 миллиард долларга ортиқ бўлган — бу ҳам ўтган йилга таққослаганда 1,4 баробар ўсиш демакдир.

Марказий банк таъкидлашича, валюта таклифининг асосий қисми халқаро пул ўтказмалари ҳисобига шаклланган. Жорий йил январь–октябрь ойларида Ўзбекистонга мигрантлар томонидан 15,8 миллиард доллар юборилган — бу 2024 йилга қараганда 3,2 миллиард долларга кўп. Ўсиш суръати 25 фоизни ташкил этган.

Шу билан бирга, халқаро пул ўтказмалари орқали мамлакатдан 2,2 миллиард доллар чиқиб кетган. Бу ўтган йилга қараганда 147 миллион долларга кам.

Ҳам талаб, ҳам таклифдаги катта ўсиш Ўзбекистон валютасавдо бозорида фаоллик, шаффофлик ва банк тизимига ишонч ортаётганини кўрсатмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Ўзбекистон аҳолиси банкларга доллар сотишда рекорд даражага чиқди