date

Ўзбекистонда 2025 йил инфляцияси 7,3% бўлди

Ўзбекистонда 2025 йил инфляцияси 7,3% бўлди

2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистонда истеъмол нархлари индекси йил давомида 7,3 фоизга ошди. Декабр ойининг ўзи эса умумий кўрсаткичга 0,9 фоизлик қўшимча берди — бу жараёнда озиқ-овқат ҳам, хизматлар бозори ҳам фаол ҳаракатланди. Бу ҳақда upl.uz хабар беради.

Декабрда энг катта тебраниш озиқ-овқатда кузатилди: нархлар бир ойда 1,5 фоизга кўтарилди, йил бўйи жамланган ўсиш эса 5,5 фоизни ташкил этди. Мавсумийлик яна ўз сўзини деди — бақлажон ва бодринг ноябрга нисбатан қарийб 56 фоиз қимматлашди, помидор нархи эса чоракга ошди. Болғар қалампири ва карам ҳам олдинги сафда бўлиб, мос равишда 22,9 ва 22,8 фоиз қўшди.

Асосий маҳсулотлар ичида декабр “чемпиони” тухум бўлди — нарх 3,4 фоизга юқорилади. Гўшт ва нон йўналишида эса ўсиш нисбатан сокин: нон, мол гўшти ва қўй гўшти 0,5 фоиздан қўшди. Республикадаги бозорларда мол гўштининг ўртача нархи килограммига 500–1000 сўм атрофида кўтарилди, парранда маҳсулотлари эса сегментига қараб 0,2–0,6 фоиз қимматлашди.

Декабрда айрим позицияларда аксинча пасайиш ҳам бўлди: сабзи 7,5 фоиз, ситрус мевалар 2,4 фоиз, шакар 2,3 фоиз арзонлади. Гуруч 1,8 фоизга тушди, узоқ вақт ўсиб келган кунгабоқар ёғи эса 0,5 фоизга арзонлашди.

Йиллик кесимда картина бошқача: 12 ойда қўй гўшти 26,8 фоизга, суяксиз мол гўшти 25 фоизга қимматлашди. Йил бўйича энг катта ўсиш ситрусларда (+33 фоиз) ва карамда (+32 фоиз) қайд этилди. Шу билан бирга, гуруч ўтган йилга нисбатан 16,6 фоиз, болғар қалампири эса 15 фоиз арзонлашди.

2025 йилда инфляцион босимнинг асосий “драйвери” хизматлар сектори бўлди: йил якунида бу йўналишдаги ўсиш қарийб 14 фоизга етди, декабр ҳиссаси эса 0,7 фоизни ташкил қилди. Мобил алоқа тарифлари декабрда ўртача 4,9 фоизга кўтарилиб, йил давомида 15,1 фоизга ошгани эътиборни тортди.

Уй-жой коммунал хизматларида йиллик ўзгаришлар энг кескин бўлди: тармоқли газ 39,2 фоизга қимматлашди, ичимлик суви ва канализация хизматлари 35 фоизга ошди. Маиший чиқинди олиб чиқиш хизматлари 32,5 фоизга кўтарилди, электр энергияси эса 18,8 фоиз қимматлашди.

Таълим хизматлари ҳам четда қолмади: болалар боғчаси тўловлари йил давомида 17 фоизга ошди, репетитор ва тил курслари нархлари эса 6,6 фоизга юқорилади. Транспортда ҳам босим сезилди — авиачипта 21,7 фоизга, шаҳар автобусидаги йўл ҳаққи 21,1 фоизга қимматлашди.

Ёқилғи бозорида декабр ойида бензин нархи 2,4 фоизга ўсди, йил ҳисобида эса ёқилғи 11,9 фоизга қимматлашди. АЁҚШларда нархлар диапазони шундай: АИ-80 — 9500–9900 сўм, АИ-91/АИ-92 — 10 500–13 300 сўм, юқори октанли АИ-100 эса литрига 21 000 сўмгача чиқди.

Метан йил давомида 30 фоизга қимматлашди, пропан эса декабрда ўсганига қарамай, йил якунида ўтган йил охирига нисбатан 10,5 фоиз арзонроқ бўлиб турибди. Ноозиқ-овқат сегментида заргарлик буюмлари ҳам сезиларли кўтарилди — қимматбаҳо металлардан ясалган узуклар нархи бир йилда 28,7 фоизга ошди.

Бозорларда барқарорликни ушлаб туриш учун ижтимоий аҳамиятга эга товарлар бўйича нархлар назорати давом этмоқда — мақсад асоссиз спекуляцияларнинг олдини олиш. Аввалроқ аҳолининг инфляцион кутилмалари ноябрда сўнгги йиллардаги энг паст кўрсаткичлардан бирига тушиб, 11,8 фоиз бўлгани ҳам қайд этилганди.

Ўзбекистонда эса халқ орасида бир “классик мезон” бор: нон нархи кўпчилик учун инфляциянинг норасмий, аммо энг аниқ кўрсаткичи сифатида қабул қилинади — баъзан у расмий статистика берган “истеъмол савати” рақамларидан ҳам кўпроқ ишонч уйғотади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Ўзбекистонда 2025 йил инфляцияси 7,3% бўлди