11:58 / 28.07.2018
4 926

Президент тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича янги фармонни имзолади

Президент тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича янги фармонни имзолади
Ўзбекистон Республикаси президенти “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Ҳужжатда қайд этилишича, тадбиркорлик фаолияти соҳасида бир қатор тизимли муаммолар сақланиб қолмоқда, уларнинг ҳал этилиши бизнесни ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш, мамлакатга хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳамда тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг кафолатли ҳимоясини таъминлаш имконини беради. Хусусан:

биринчидан, назорат қилувчи органлар ва инсофли тадбиркорлик субъектлари ўртасида ишончли ҳамкорликни ўрнатишга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясининг қабул қилинганлиги амалдаги текширувлар тизимини, давлат назоратининг бошқа турларини, шунингдек, солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш тартибини тубдан қайта кўриб чиқишни талаб этади;

иккинчидан, қонун ҳужжатларида замон талабларига жавоб бермайдиган айрим ҳуқуқий механизмларнинг мавжудлиги сабабли солиқлар, бошқа мажбурий тўловлар, пенялар ва молиявий жарималар бўйича қарздорликлар сунъий йўл билан йиғилиб бормоқда;

учинчидан, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилишига олиб келаётган давлат органларининг самарасиз ва ортиқча назорат функциялари амал қилмоқда;

тўртинчидан, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларнинг ташкилий жиҳатлари ва тартиб-таомилларини комплекс тартибга солиш ҳамда уларнинг қонунийлиги мониторингини олиб боришнинг ягона яхлит тизими мавжуд эмаслиги назорат қилувчи органлар фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш ва ўтказиладиган текширувларнинг асослилигини холис баҳолаш имконини бермаяпти;

бешинчидан, ўтказиладиган текширувларнинг очиқлиги, ошкоралиги ва холислигини таъминловчи назорат қилувчи органлар фаолияти устидан мустақил жамоатчилик назорати тизими жорий этилмаган;

олтинчидан, кўчмас мулк объектларини бузиб, давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплашнинг амалдаги механизмидаги камчиликлар уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилишига олиб келмоқда, тадбиркорлик субъектларининг давлатга бўлган ишончига путур етказмоқда, шунингдек, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини пасайтирмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Президент тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича янги фармонни имзолади