23:30 / 26.07.2019
3 425

Мўғулистондан давлат эҳтиёжи учун гўшт олиб келиш учта компанияга топширилади

Мўғулистондан давлат эҳтиёжи учун гўшт олиб келиш учта компанияга топширилади
Давлат захираси ва бюджет ташкилотлари, ижтимоий соҳа ва махсус объектларнинг эҳтиёжи учун гўшт Мўғулистондан олиб келинади.

«Мўғулистондан гўштетказиб бериш эксклюзив ҳуқуқи Brand Investment Group Agro, Tashkent Trade Center ва Baraka Holding МЧЖларга берилади», – дейилади президентнинг муҳокамага қўйилган қарори лойиҳасида.

Minbar нашрининг ёзишича, Мўғулистонда саноат яхши ривожланмаган, шу боис мамлакат асосий эътиборини чорвачиликни ривожлантиришга қаратган. Республикада 30 миллионга яқин қўй бор – бу Янги Зеландиядагидан кўп – лекин гўшт экспорт қилиш унча ривожланмаган. Аммо охирги йилларда вазият ўзгармоқда. Масалан, 2017 йили 2106 тонна қўй ва эчки гўшти экспорт қилинди, бу бир йил олдинги кўрсаткичдан 11 баробар кўпдир.

Ҳужжатни тайёрлаган Ветеринария қўмитасининг фикрича, Мўғулистонда ишлаб чиқарилаётган гўштнинг сифати ва нархи Ўзбекистон учун мақбулдир.

Давлат эҳтиёжлари учун гўшт етказиб берувчи компанияларнинг Мўғулистонга қуруқ ва ҳўл меваларни, полиз маҳсулотлари ва узумни экспорт қилиш, Мўғулистондан гўшт импорт қилиш учун сарфланган транспорт харажатларининг 50 фоизи Тадбиркорликни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан қопланади.

Бу компанияларга импорт қилинадиган гўштга 10 фоиздан юқори бўлмаган устама белгилашга рухсат этилади.

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК Мўғулистонга ҳаво йўллари коридорини бир ой муддатда ташкил этади ҳамда маҳсулотларни ташиш ва ушбу давлатдан гўшт олиб келишда мақбул нархларда хизмат кўрсатади.

Транспорт вазирлиги Мўғулистонга маҳсулотларни экспорт қилиш, шунингдек ушбу давлатдан гўшт ҳамда бошқа зарур хомашёларни бир ой муддатда махсус транспортлар орқали олиб келишни ташкил этади.

Аввалроқ бозорларда муттасил ошиб бораётган гўшт нархини барқарорлаштириш мақсадида ҳукумат гўшт (мол, қўй, товуқ гўшти), тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ҳамда уларнинг сўйиш маҳсулотларини ҳам қўшилган қиймат солиғидан озод қилган эди.

Ўзбекистонда гўшт нархи сўнгги пайтларда муттасил ошиб келмоқда. Яқинда ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги савдо расталарида гўшт нархи 60 минг сўмга етгани ҳақида хабарлар тарқаган эди.

Иқтисодиёт вазирлигининг айтишича, мамлакатда чорвачиликдаги тизимли камчиликлар ва ем-хашак етиштириш учун ерларнинг етишмаслиги, шўрланиши ҳам гўшт нархининг қимматлашувига сабаб бўлаяпти.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Мўғулистондан давлат эҳтиёжи учун гўшт олиб келиш учта компанияга топширилади