18:30 / 17.09.2019
3 197

«Нима учун ҚҚС бу қадар муҳим?» - унинг аҳамияти, ўзига хос хусусиятлари, товарлар ва хизматлар нархига ва иқтисодиёт тармоқларига таъсири ҳақида

«Нима учун ҚҚС бу қадар муҳим?» - унинг аҳамияти, ўзига хос хусусиятлари, товарлар ва хизматлар нархига ва иқтисодиёт тармоқларига таъсири ҳақида
Қўшилган қиймат солиғи (кейинги ўринларда – ҚҚС) билан боғлиқ ислоҳотлар жорий йилнинг бошидан бошланган бўлсада, жамоатчилик ва халқимизнинг мавзуга оид хилма-хил фикрлари, тортишувлар ва турли муносабатлар билдириши ҳамон давом этмоқда.

Ўтган давр мобайнида соҳа мутахассислари, блогерлар, тадбиркорлар ва қолаверса аҳолининг фаол қатлами томонидан олиб борилган тарғибот ва ташвиқот тадбирларига қарамасдан, ушбу солиқ тури билан боғлиқ муаммолар ҳали ҳам ўзининг долзарблигини йўқотгани йўқ.

Шу сабабли, бу мақолада ҚҚСнинг аҳамияти, ўзига хос хусусиятлари, товарлар ва хизматлар нархига ва иқтисодиёт тармоқларига таъсири тўғрисида фикр юритамиз.

Тарихга назар

ҚҚС биринчи марта 1958 йилда Францияда жорий этилган бўлиб, бугунги кунда дунёнинг 140га яқин давлатларида бор. Бироқ, баъзи давлатларда, хусусан, АҚШ, Канада ва Японияда бу солиқ амал қилмайди, унинг ўрнига сотишдан солиқ (sales tax) ундирилади.

Ўзбекистонда ҚҚС илк бор 1992 йилнинг 1 январида жорий қилинган. Қарийб 28 йилдан буён амал қилиб келаётган ҚҚСнинг илк ставкаси 30 фоиз эди. Амалдаги ставка 20 фоиз қилиб белгиланган бўлиб, 2000 йилдан буён ўзгаришсиз келмоқда.

ҚҚСни тушунушнинг мураккаблиги унинг ўзига хос хусусиятларга эга эканлигида бўлиб, харидор нуқтаи назаридан олиб қаралганда худди истеъмол солиғига ўхшайди. Яъни сотувчи уни сотилган товарлар, ишлар ёки хизматлар нархининг устига қўшади. Шу маънода ҚҚСни истеъмол ёки оборот солиғининг модификацияланган кўриниши деб ҳисобласак бўлади. Фарқи шундаки, агар харидор ҳам ҚҚС тўловчиси бўлса (яъни бошқа товарлар ёки хизматларни ишлаб чиқаришда фойдаланиш учун товарлар, ишлар ва хизматларни сотиб олса), сотувчи бюджет олдидаги мажбуриятларининг умумий миқдорини ҳисоблашда харидордан олинган солиқ суммасидан етказиб берувчиларга тўлаб берган солиқ суммасини ушлаб қолиш ҳуқуқига эга бўлади.

Шундай қилиб, ушбу солиқ билвосита бўлиб, унинг юки охир-оқибат ишлаб чиқарувчига эмас, балки товарлар ва хизматларнинг якуний истеъмолчиларига тушади.

ҚҚС ва Давлат бюджети

Нима учун ҚҚС бу қадар муҳим? ҚҚС бўлмаса давлат харажатлари ёки бюджет тушумлари режаси бажарилмайдими? Ундан бутунлай воз кечиш мумкинми? Ушбу саволларга жавоб бериш учун давлатларнинг солиқ тизимини танлаш стандартларига (дифференциацияси) эътибор бериш лозим бўлади яъни ривожланган ва ривожланаётган давлатлар солиқ тизими структураси бир бирдан фарқ қилади.

Ривожланган давлатлар олдида турган устувор вазифа бу йиллар давомида эришилган ижтимоий-иқтисодий барқарорликни сақлаб қолиш бўлса, ривожланаётган давлатлар учун аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад миқдорини кўпайтириш муҳим ҳисобланиб, бунинг учун улар иқтисодий ўсиш суръатини муттасил ошириб бориши лозим бўлади.

Ушбу мақсадларга эришиш йўлида давлатлар турли солиқ моделини танлайдилар. Масалан, ривожланган давлатларда солиқ тизимининг асосини тўғри (фойда, даромад, мулк ва ижтимоий) солиқлар ташкил этса, ривожланаётганларда эса билвосита солиқлар (ҚҚС, акциз, товар ва хизматларни яъни харажатларни солиққа тортиш) устунлик қилади, яъни, капитал ва жамғармалар ўсишини рағбатлантириш орқали, иқтисодий ўсишни кучайтиришга ҳаракат қилинади.

Жаҳон банкининг маълумотларига кўра, ривожланаётган давлатлар барча даромадларининг ўртача 35 фоиз билвосита солиқлар яъни товар ва хизматларга солиқ солиш орқали йиғилади.

Ўзбекистонда ҳам ҚҚС ҳар доим солиқ тушумлари ичида энг асосий манба ҳисобланган. 2019 йил учун бюджет даромадларида унинг умумий солиқ тушумлари ичидаги ҳиссаси 35 фоиз (35 993,5 млрд.сўм)ни, жами даромад тушумлари ичида эса 27 фоизни ташкил этади.

2019 йил 1 октябрдан бошлаб қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан белгиланган ҚҚС бўйича имтиёзлар бекор қилинди;

1 миллиард сўмдан ортиқ пул айланмасига эга бўлган ёки 50 гектардан ортиқ ер майдонларига эга бўлган ягона ер солиғи тўловчилари ҚҚС тўловчилари сафига ўтказилди.

Хуш, жорий йилнинг 1 октябридан ушбу ўзгаришлардан нима кутиш мумкин?

Ушбу таъсирни баҳолашда бир нечта омиллар инобатга олиниши керак:

Шундай соҳалар борки, уларга ҚҚСнинг таъсири сезилмас даражада бўлади. Умумий қийматда оралиқ истеъмол улуши юқори бўлган ва истеъмол қилинган товарлар ва хизматлар бўйича (шу жумладан импорт) катта миқдорда ҳисобга олиш суммаси мавжуд бўлган тармоқлардаги корхоналар учун ҚҚС фойдали ҳисобланади, яъни ушбу соҳаларда нархга таъсир қилиш минимал бўлади. Бу ерда шуни ёдда тутиш лозимки, оралиқ истеъмолнинг барча иштирокчилари ҚҚС тўловчилари бўлиши лозим (бундай соҳаларга маҳсулот ишлаб чиқарувчилар (шу жумладан, қишлоқ хўжалиги), қурилиш, улгуржи ва чакана савдо корхоналари мисол бўлади).

Шу билан бирга, айрим соҳалар учун ҚҚС фойдали эмас. Умумий харажатлари ичида оралиқ истеъмол улуши жуда кам бўлган ва истеъмол қилинган товарлар ва хизматлар учун ҚҚС суммасини ҳисобга олиш имкони бўлмаган соҳалар учун ҚҚС ноқулай ҳисобланади ва улар маҳсулотларининг нархига таъсир кўрсатади.

Булар асосан хизмат кўрсатиш корхоналари (хизмат кўрсатиш, умумий овқатланиш, консалтинг, аудиторлик корхоналари, IT-компаниялари, мулкни ижарага бериш хизматлари, лизинг компаниялари, хизматни экспорт қилувчилар ва бошқалар) бўлиб, улар ўз фаолиятида, кўрстатаётган хизматларида асосан инсон ресурсларига таянади ва уларнинг якуний маҳсулоти таннархида асосий улушни иш ҳақи харажати ташкил этади.

Иш ҳақи қўшилган қийматнинг бир қисми ҳисоблансада, унда ҚҚСнинг кирим суммасини ҳисобга олишнинг имконияти мавжуд эмас. Натижада, уларда кирувчи ҚҚС деярли бўлмайди ёки минимал бўлади. Шунга кўра бундай харажатлардан таркиб топган таннарх солиқ солинадиган базани ошишига олиб келади.

Охир-оқибат, бундай корхоналар даромадни мунтазам ушлаб туриш учун ўз хизматлари нархини ҚҚС суммасига оширишга мажбур бўлади.

Кейинги кунларда аҳолини ортиқ даражада ташвишлантираётган муаммо бу истеъмол бозорида гўшт нархининг кескин қимматлашганидир. Хўш, бунда ҚҚСнинг таъсири борми?

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 мартдаги 249-сонли қарорида гўшт ижтимоий аҳамиятга эга товарлар рўйхатига киритилмаган ва унинг нархи давлат томонидан тартибга солинмайди, аксинча ишлаб чиқарувчи томонидан мустақил равишда ўрнатилади.

Монополияга қарши курашиш қўмитасига кўра, 2019 йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра Ўзбекистонда тирик вазнда гўшт ишлаб чиқаришнинг умумий ҳажмида деҳқон (шахсий ёрдамчи) хўжаликларига 94,3 фоиз, фермер хўжаликлари 4,8 фоиз, қишлоқ хўжалиги фаолияти билан шуғулланувчи ташкилотлар ҳиссасига 0,9 фоиз тўғри келади.

Бу ерда ҚҚСнинг таъсири қуйидагича бўлиши мумкин:

Биринчидан, гўшт ишлаб чиқаришнинг асосий етказувчиси бўлган шахсий ёрдамчи хўжаликлари ўзларига керак омухта емни икки усулда олишлари мумкин: биржа орқали ёки омухта ем сотишга ихтисослаштирилган савдо дўконларидан.

Ҳар иккала усулда ҳам омухта ем ҚҚС қўлланган нархларда харид қилинади. Биржа савдоларида маҳсулотни сотиш «Ўздонмаҳсулот» АК ва «Ўзпахтаёғ» АЖ тизимидаги корхоналар томонидан амалга оширилиб, улар ҚҚС тўловчилари ҳисобланади.

2019 йил I чорак якунига кўра биржа савдолари орқали сотилган шрот ва шелуха нархи ўртача 7,1 фоизга пасайган. Шунингдек, 2019 йил I чорак давомида биржа савдолари орқали 153,01 минг тонна шрот ва шелуха сотилган, бу эса республикадаги бир бош йирик қорамол тахминий озуқасининг деярли 5,3 фоизини ташкил қилади холос. Демак, биржа савдолари орқали сотилаётган шрот ва шелуханинг ҳажми гўшт ва гўшт маҳсулотлари нархларининг шаклланишида ҳал қилувчи омил ҳисобланмайди.

Иккинчидан, шахсий ёрдамчи хўжаликлари томонидан ишлаб чиқарилган гўшт бозорларда асосан нақд пулга сотилишини эътиборга олсак, бу жараёнда ҚҚСни олиш яъни ҚҚСнинг тўлиқ механизмининг ишлаши анча мушкул вазифага айланади;

Учинчидан, импорт қилинган гўшт ва уни ҚҚСдан озод қилиш каби имтиёзлар (2019 йил 1 октябргача) бозордаги талабни тўлиқ қамраб олмайди, натижада гўшт нархига сезиларли рақобат муҳитини яратолмайди;

Тўртинчидан, бизда талаб ва таклифни ҳисобга олган ҳолда бозорлардаги барқарорликни таъминлаш даражасидаги саноат миқёсида гўшт ишлаб чиқаришнинг йўлга қўйилмаганлиги ҚҚСнинг салбий таъсирини оширади ва ушбу секторда нархни туширишни қийинлаштиради.

Бундан ташқари деҳқон бозорларидаги ноҳалол рақобат ҳам гўшт қимматлашувининг асосий сабабларидан бири бўлиши мумкин.

Хусусан, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг тушунтиришича «соҳадаги монополия билан боғлиқ жиҳат бўлиб, гўшт бозорларини кўпчилик қассоблар ўз шахсий монополиясига айлантириб олишгани ва нарх-наво ҳам улар томонидан бошқарилиши гўшт нархининг сунъий йўллар билан оширилишига сабаб бўлмоқда».

Нархлар ўсишига фақат солиқ сиёсати эмас, балки бошқа бир қанча омиллар ҳам таъсир кўрсатишини эътибордан четда қолдирмаслик лозим. Мисол учун, пул эмиссиясининиг ошиб кетиши, очиқ бозор операциялари ва тижорат банкларига арзон кредитлар бериш амалиёти, заиф рақобат муҳити, монопол мавқега эга бўлган корхоналар кўплиги ва улар томонидан бошқаларга тақдим этилмаган солиқ, кредит олиш, материал ресурслардан фойдаланиш каби эксклюзив имтиёз ва преференциялардан фойдаланишива бошқалар.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти
бўлим бошлиғи Н.И.Норбаев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » «Нима учун ҚҚС бу қадар муҳим?» - унинг аҳамияти, ўзига хос хусусиятлари, товарлар ва хизматлар нархига ва иқтисодиёт тармоқларига таъсири ҳақида