2 300
Ўзбекистонда савдо, умумий овқатланиш соҳаларида пластик карталар орқали тўланган тўловлар даромад солиғидан озод этилиши мумкин
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 27 июль куни яширин иқтисодиётни қисқартириш бўйича олиб борилаётган ишлар муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Йиғилишда божхона ва солиқ тизимига доир масалалар ҳам кўриб чиқилди. Инсон омилига чек қўйиш орқали контрабанда ва маҳсулотларнинг божхона қийматини сунъий пасайтириш ҳолатлари устидан божхона назоратини кучайтириш лозимлиги таъкидланди.
Давлат божхона қўмитаси ва Давлат солиқ қўмитасига импорт товарларининг кириб келиши, божхонадан ўтказилиши ва сотилиши бўйича ягона базани ишга тушириш бўйича топшириқлар берилди. Шунингдек, 2021 йил 1 январдан «Божхона аудити» ахборот тизимини жорий этиш вазифаси белгиланди.
Президент яширин иқтисодиётни қисқартириш учун одамларнинг легал ишлашига кўмаклашиш, уларни манфаатдор қилиш кераклигини таъкидлади.
Масалан, ўзини ўзи банд қилиш тизими соддалаштирилгани натижасида июль ойининг ўзида 184 минг фуқаро расмий секторда иш юрита бошлади.
Лекин қурилиш, савдо ва умумий овқатланиш, транспорт ва бошқа хизмат кўрсатиш соҳаларида норасмий бандлик даражаси ҳамон юқори. Умуман, иқтисодиётда банд бўлган 10,5 миллион аҳолининг атиги 4,9 миллиони даромад солиғи тўлайди.
Йиғилишда бундай соҳалар бўйича манзилли ишлаш, норасмий фаолият юритаётган субъектларни рағбатлантирувчи механизмлар орқали яширин иқтисодиётдан олиб чиқиш кераклиги айтилди. Савдо, умумий овқатланиш, транспорт ва маиший хизмат кўрсатиш соҳаларида пластик карталар ва бошқа турдаги контактсиз тўловларни айланма даромад солиғини ҳисоблаш базасига киритмаслик таклифи билдирилди.
Давлат раҳбари кичик бизнес субъектлари учун солиқ маъмуриятчилигини соддалаштириш, тадбиркорлик фаолиятига рухсат бериш ва лицензиялашдаги ортиқча тартиб-таомилларни янада қисқартириш зарурлигини таъкидлади.
Масалан, 100 та лицензия ва 34 та рухсатномани қисқартириб, хабардор қилиш тартибига ўтказиш, яна кўпларини соддалаштириш, 14 та ҳужжатни бериш муддатларини 2 бараваргача қисқартириш мумкин. Ушбу чоралар натижасида тадбиркорлар йилига 125 миллиард сўм иқтисод қилиш имконига эга бўлади.
Шунингдек, 43 та идоранинг 270 та назорат функциясини танқидий ўрганиб, яширин иқтисодиёт ва коррупцияга сабаб бўлаётган ваколатларини қисқартириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Ўз навбатида, коррупцион ва яширин фаолиятга муккасидан кетган ноинсоф тадбиркорларга нисбатан жавобгарликни кучайтириш зарурлиги айтилди.
Яширин иқтисодиётни тармоқлар ва соҳалар бўйича таҳлил қилиш талаб даражасида эмаслиги кўрсатиб ўтилди. Халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда бир вилоят мисолида яширин иқтисодиётнинг статистик ҳисоботи жорий этилиши белгиланди.
Коррупция ва яширин иқтисодиётга қарши курашишда асосий куч бизнес ва жамоатчиликдир. Шу боис жамиятда бу иллатларга нисбатан нафрат туйғусини шакллантириш, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали уларнинг салбий оқибатларини ёритиб бориш муҳимлиги қайд этилди.
«Яширин иқтисодиётга қарши курашиш тадбиркорларни жазолаш, уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш дегани эмас. Бу, айниқса, пандемия даврида катта аҳамиятга эга. Жойларда жамоатчилик назоратини кучайтириш орқали майда коррупцияга ҳам қатъий чоралар кўриш зарур», — деди Шавкат Мирзиёев.
Йиғилишда белгиланган чора-тадбирлар юзасидан ҳар бир вазирлик ва тармоқ олдига йил якунида аниқ кўрсаткичларга (KPI) эришиш вазифаси қўйилди.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йил июль ойида ўша вақтдаги иқтисодиёт ва саноат вазири Ботир Хўжаев Ўзбекистонда яширин иқтисодиёт 45-46 фоизни ташкил этишини маълум қилганди. «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
Ҳар пайшанба жисмоний тарбия ва спорт куни сифатида белгиланади
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
Суперлига. ОКМК сафарда "Пахтакор"ни мағлуб этди ва 11 йиллик қора анъанага чек қўйди
Ҳусийлар Исроил авиабазасига гипертовушли ракета билан зарба берди
Мeтаболизм секинлашганининг белгилари
Туркия ўзининг биринчи квант компютерини тақдим этди