Тошкент молия марказига қарийб 50 йиллик имтиёз: кимлар фойдаланади?

Тошкент халқаро молия маркази иштирокчилари учун Ўзбекистонда энг узоқ муддатли солиқ режимларидан бири жорий этилмоқда. Айрим компаниялар ва хорижий мутахассислар 2076 йилгача бир қатор солиқларни тўлашдан озод этилади.
Бироқ бу имконият марказда рўйхатдан ўтган барча субъектларга автоматик равишда берилмайди. Қонунда имтиёзлардан фойдаланиш учун алоҳида талаблар, чекловлар ва муҳим истиснолар ҳам белгиланган.
Янги қонун 25 июлдан кучга киради
Президент томонидан 2026 йил 13 июлда «Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида»ги ЎРҚ-1158-сонли Конституциявий қонун имзоланди.
Ҳужжат Қонунчилик палатаси томонидан 1 июлда қабул қилинган, Сенат томонидан эса 9 июлда маъқулланган. Қонун 2026 йил 25 июлдан кучга киради. Унга мувофиқ, Тошкент халқаро молия маркази алоҳида ҳудуд ва махсус ҳуқуқий режимга эга тузилма сифатида фаолият юритади.
Марказда молиявий хизматлар кўрсатиш, инвестицияларни жалб қилиш, капитал бозори операциялари ва профессионал хизматларни ривожлантириш учун алоҳида тартиблар амал қилади.
Кимлар фойда ва ижтимоий солиқ тўламайди?
Қонунга кўра, Тошкент халқаро молия марказининг органлари, улар томонидан ташкил этилган ёки тўлиқ назорат қилинадиган ташкилотлар 2076 йил 1 январгача фойда солиғи ва ижтимоий солиқдан озод этилади.
Шунингдек, белгиланган талабларга жавоб берадиган малакали иштирокчилар молиявий хизматлардан олинган даромадлар бўйича мазкур солиқларни тўламайди.
Марказнинг бошқа иштирокчилари эса унинг ҳудудида кўрсатилган қўшимча хизматлардан олинган даромадлари бўйича фойда ва ижтимоий солиқдан озод қилиниши мумкин. Имтиёзлар фақат марказ қарорларида белгиланадиган шартларга риоя қилинган ҳолда қўлланилади.
Марказ органлари ёки иштирокчиларига тегишли, шунингдек улар фойдаланадиган марказ ҳудудидаги кўчмас мулклар мол-мулк ва ер солиғидан ҳам озод этилади.
Хорижий ходимларга алоҳида енгиллик берилади
Марказ иштирокчиси ёки унинг органида меҳнат шартномаси асосида ишлайдиган хорижий ходимлар марказдаги фаолиятидан оладиган иш ҳақи бўйича жисмоний шахслар даромад солиғини тўламайди.
Ушбу имтиёз 2076 йил 1 январгача амал қилади. Аммо у Ўзбекистоннинг солиқ резидентларига татбиқ этилмайди.
Шу билан бирга, имтиёз фақат марказ иштирокчиси ёки органи томонидан тўланадиган иш ҳақига нисбатан қўлланилади. Ходимнинг бошқа ташкилот ёки манбадан олган даромади солиқдан автоматик равишда озод қилинмайди.
ҚҚС ва божхона тўловларида ҳам имтиёз бор
Тошкент халқаро молия маркази иштирокчилари Конституциявий қонун доирасида кўрсатадиган хизматлари ва амалга оширадиган фаолияти бўйича қўшилган қиймат солиғидан озод этилади.
Марказ органлари, иштирокчилари, ходимлари ва инвестициявий солиқ резидентлари томонидан хориждан олиб кириладиган айрим мол-мулклардан ҳам 2076 йилгача божхона божи ва йиғимлари ундирилмайди.
Бироқ товарлар марказ фаолияти учун зарур бўлиши ва унинг ҳудудида ишлатилиши керак. Агар улар марказ ҳудудидан ташқарида фойдаланилса, сотилса ёки бошқа шахсга берилса, божхона тўловлари умумий тартибда ундирилади.
«Ноль солиқ» режими барчага тегишли эмас
Қонунда йирик халқаро компаниялар учун муҳим истисно белгиланган.
Охирги тўрт молиявий йилнинг камида иккитасида консолидациялашган йиллик даромади 750 миллион евро ёки ундан юқори бўлган кўп миллатли компаниялар гуруҳи аъзолари даромад бўйича солиқ имтиёзларидан фойдалана олмайди.
Бундай компаниялар учун малакали ички минимал солиқ тўлаш талаби амал қилади. Шу сабабли янги режимни барча иштирокчилар учун мутлақ «ноль солиқ» тизими сифатида баҳолаш тўғри эмас.
Имтиёзлар муддатидан олдин қисқартириладими?
Қонунга мувофиқ, белгиланган солиқ имтиёзларининг ҳажми Тошкент халқаро молия маркази кенгашининг розилигисиз камайтирилиши ёки уларни қўллаш доираси чекланиши мумкин эмас.
Имтиёзларнинг самарадорлиги биринчи марта қонун кучга кирганидан кейин ўн йил ичида кўриб чиқилади. Кейинги баҳолашлар эса беш йилдан кўп бўлмаган давр оралиғида ўтказилади.
Янги тартиб Тошкентни минтақадаги йирик молиявий майдонлардан бирига айлантириш учун узоқ муддатли ҳуқуқий ва солиқ асосини яратади. Энди асосий масала — марказга қандай компаниялар келиши ва берилган имкониятлар амалда иқтисодиётга қанчалик таъсир кўрсатишида.
Сизнингча, қарийб 50 йиллик солиқ имтиёзлари Тошкентга йирик халқаро молия компанияларини жалб қила оладими? Фикрингизни изоҳларда қолдиринг.



























Изоҳлар 0
…