12:00 / 20.08.2021
2 099

Шавкат Мирзиёев: «Чекловлар, тўсиқ ва ғовларнинг кўпига барҳам берилди»

Шавкат Мирзиёев: «Чекловлар, тўсиқ ва ғовларнинг кўпига барҳам берилди»
Фото: Президент матбуот хизмати
Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтаётгани ҳақида хабар бергандик. Унда давлат раҳбари нутқ сўзламоқда.

– Кейинги йилларда сизлар иқтисодиётимиз ва ислоҳотларимиз таянчига ҳамда локомотивига айландингиз, деб айтишга барча асосларимиз бор. Сиз каби ишнинг кўзини биладиган, ишбилармон юртдошларимиз тимсолида биз чин маънодаги Янги Ўзбекистон бунёдкорларини кўрамиз.

Мамлакатимизда ҳар йили яратилаётган иш ўринларининг 90 фоизи хусусий сектор ҳиссасига тўғри келмоқда. Уларда ҳозирги кунда 5 миллиондан зиёд аҳоли, айниқса, ёшларимиз меҳнат қилмоқдалар. Агар биз иқтисодиётимизни янада юксалтирамиз десак, тадбиркорликни ривожлантириш учун барча имконият ва шароитларни яратиб беришимиз зарур.

Кейинги 3-4 йилда тадбиркор учун кредит ва субсидия олиш, лицензия, кўчмас мулк ва ресурсларга эга бўлиш, экспорт каби масалаларда кўплаб янги-янги имконият ва шароитларни яратдик. Ортиқча текширишлар, нақд пул, валюта ва хомашё бўйича мавжуд чекловлар, тўсиқ ва ғовларнинг кўпига барҳам берилди.

Энг асосийси, эл орасида ва давлат идораларида тадбиркорларга нисбатан муносабат ўзгарди, жамиятда уларнинг обрў ва мавқеи кун сайин тобора ортиб бормоқда. Натижада ички ва ташқи бозорда ўз мустаҳкам ўрнига, нуфузи ва брендига эга бўлган, ҳақиқий тадбиркорларимиз синфи шакллана бошлади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида тадбиркор ёшлар ва аёллар сафи кенгайиб бораётганини алоҳида таъкидлади.

– Мен бугун ушбу залда ва жойлардаги студияларда қатнашаётган юзлаб тадбиркор ёшлар ва опа-сингилларимизни кўриб турганимдан бениҳоят хурсандман.

Биз кейинги 2 йилнинг ўзида, фақатгина хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришга 500 миллион доллар маблағ йўналтирдик. Уларни ўз бизнесини бошлаши, жумладан касб ва тадбиркорликни пухта ўрганиши учун барча шарт-шароитлар яратилди.

Сўнгги 5 йилда ёш тадбиркорлар 5 баробар кўпайиб, уларнинг сони 500 мингдан ошди.

Тадбиркор аёллар ва ёшлар сафини янада кенгайтириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бундан кейин ҳам иқтисодий сиёсатимизнинг энг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади, – деди Президент.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Шавкат Мирзиёев: «Чекловлар, тўсиқ ва ғовларнинг кўпига барҳам берилди»