15:30 / 21.08.2021
3 351

"Доллар ўрнига сўм": Президент тадбиркорларга қандай ечимлар таклиф этди?

"Доллар ўрнига сўм": Президент тадбиркорларга қандай ечимлар таклиф этди?
Президент тадбиркорларни қийнаётган муаммоларни ҳал қилиш бўйича муҳим йўналишларни кўрсатиб ўтди.
- Мен сизлар томонингиздан кўтарилган масалалар билан атрофлича танишиб чиқдим. Шу боис, сизларни қийнаётган барча муаммо ва саволлардан тўла хабардорман. Бугунга қадар энг долзарб муаммоларни тизимлаштириб, уларни ҳал қилишга қаратилган 7 та муҳим йўналиш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқдик.

Биринчи йўналиш. Сизлардан келиб тушган мурожаатларнинг 40 фоизи бизнесни молиялаштириш ва молия-кредит масалалари билан боғлиқ. Жумладан, ушбу мурожаатларнинг асосий қисмида кредит ставкаларининг юқорилиги, ва кўплаб кредитларнинг қисқа муддатга, тадбиркор учун ноқулай шартларда берилаётгани қайд этилган. Ҳақиқатдан ҳам, тан олиб айтишимиз керак, тадбиркорларга бугунги кунда берилаётган аксарият кредитларнинг муддати 3 йилдан ошмайди.

Шунингдек, банклар томонидан йиллик 8-10 фоиздан хорижий валютада 18 мингга яқин тадбиркорларга берилган кредит валюта курсининг мунтазам ўсиши ҳисобига қўшимча харажатларни юзага келтирмоқда. Бу ҳақда мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушгани ҳам ушбу масалалар тадбиркорликни ривожлантириш учун оғир юк бўлиб турганини кўрсатмоқда. Шу боис, тижорат банкларининг узоқ муддатли ресурс базаси ва кредитларнинг мақбул фоиз ставкаларини шакллантириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чораларни кўришимиз талаб этилади.

Биринчидан, банкларнинг капиталини ошириш бўйича қўшимча имкониятлар ишга солинади. Бунинг учун, келгуси йилда банкларга Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан бозор тамойиллари асосида қўшимча 600 миллион доллар ажратилади. Бу маблағлар танлов асосида ҳам давлат, ҳам хусусий банкларга жойлаштирилади.

Иккинчидан, юқоридаги маблағларни жалб қилмоқчи бўлган банкнинг ўзи ҳам ташқи ва ички молия бозорларидан камида 30 фоиз қўшимча ресурслар жалб қилади. Жумладан, банклар томонидан келгуси йили халқаро молия бозорларида 5 триллион сўмлик миллий валютада евробондлар чиқарилади. Шунингдек, Ўзбекистон бозорида ишлашга тайёр бўлган, замонавий технологияларга эга йирик хорижий банкларни кириб келишига кенг имкониятлар яратамиз. Бу ҳам, ўз навбатида, тадбиркорларимиз учун қулай шароитлар тақдим этади ва банк тизимида биз учун ниҳоятда керак бўлган соғлом рақобат пайдо бўлади.

Учинчидан, банклар четдан ресурсни қандай валютада жалб қилишидан қатъий назар, тадбиркорларга кредитни миллий валюта – сўмда ва бизнес вакиллари учун мақбул фоизларда бериш тизими йўлга қўйилади. Валютада кредит олган ва бугун қийин аҳволга тушиб қолган юзлаб тадбиркорларимиз ушбу масалани ўз мурожаатларида кўтарганлар. Шу боис, Молия вазирлиги ҳузурида Валюта хатарларини бошқариш компанияси ва ҳудудларда унинг филиаллари ташкил этилади. Ушбу компания банклар томонидан чет эл валютасида жалб қилинаётган маблағларни сўмга ўгириб, кредитни ички бозорда фақат миллий валютада бериш учун зарур шароит яратади. Лўнда қилиб айтганда, бундан буён доллар ёки евро курсининг ошиши тадбиркорга қўшимча муаммо ёки ортиқча харажатларни юзага келтирмайди.

Тўртинчидан, бундан буён Ҳукумат томонидан халқаро молия ташкилотларидан жалб қилинаётган имтиёзли маблағлар ҳисобидан банкларга бериладиган кредитларнинг муддатини чеклаш амалиёти бекор қилинади.

Бешинчидан, жорий йил 1 октябрдан бошлаб, илгари 1 миллион долларгача хорижий валютада олинган 6 мингга яқин тадбиркорнинг жами 1 миллиард долларга яқин кредитлари, тадбиркор ва тижорат банклари ўртасидаги келишувга асосан, миллий валютага ўтказиб берилади.

Умуман, юқорида таклиф этилаётган механизмлар ҳисобига, тижорат банкларида ҳар йили ўртача 30-40 триллион сўмлик миллий валютадаги, узоқ муддатли қўшимча ресурслар шаклланади. Булар ҳисобига, тадбиркорлар миллий валютадаги кредитларни узоқ муддатга ва ҳозирги ставкалардан камида 5 фоиз арзон олиш имкониятига эга бўладилар. Мен ўйлайманки, бу янги имкониятлар мамлакатимизда тадбиркорлик ривожига катта туртки беради.

"Мен яхши тушунаман, ҳамма арзон кредит олишни хоҳлайди. Лекин, кредит фоиз ставкаларини сунъий пасайтирсак, пул бозоридаги мувозанат бузилади. Шунинг учун, иқтисодиётга арзон кредит берамиз деб, макроиқтисодий барқарорликни унутиб қўймаслигимиз лозим. Барқарорлик бўлмаса, иқтисодий ўсиш бўйича кўзлаган мақсадларимизга эриша олмаймиз. Бу борада, фоиз ставкаларига бевосита таъсир этадиган инфляцияни ва яна такрор айтаман, инфляцияни пасайтириш ҳамда банк орқали кредитлаш жараёнини тўлиқ бозор механизмларига ўтказишга қаратилган ишларни изчил давом эттирамиз.

Замонавий бозор тамойилларида ишлаш учун ҳудудларда банклар лойиҳа фабрикалари ва тадбиркорликка ўқитиш марказларини ташкил этиб, хорижий мутахассисларни жалб қилмоқда. Ушбу марказлар тадбиркорларга, айниқса ёшларга ўз ғояларини амалиётга татбиқ этиш, бизнес режаларни ишлаб чиқиш, маблағлар жалб қилишга ёрдамлашади ҳамда уларга бизнес жараёнининг барча занжирида кўмакдош бўлади. Умуман, инфляция даражасини жорий йилда 10 фоизга, келгуси икки йилда 5 фоизга туширишни режа қилганмиз. Бу эса, табиий равишда кредит ставкаларини ҳам мақбул даражага тушириш ва муддатини узайтириш имконини беради".

Олтинчидан, ислоҳотларимиз учун ўта муҳим бўлган оилавий тадбиркорлик йўналишида ҳам 2 мингга яқин мурожаатлар келиб тушган. Энди, бу янги тизимда одамларимиз тадбиркорлик учун кредит оламан деб ҳокимиятга, банкка ёки бошқа идорага бориб юрмайди, асбоб-ускуналарни сотиб олиш учун таъминотчини қаердан топаман деб, бош қотиришга зарурат қолмайди. Кредитни расмийлаштиришдан тортиб, маҳсулотни олиш-сотишгача бўлган барча жараёнлар электрон тарзда, онлайн ҳал этилади.

Ўз навбатида, ушбу платформа таъминотчи корхоналар учун ҳам камида 10 триллион сўмлик бозор яратади. Иқтисодий комплекс раҳбарлари Қўчқоров, Нурмуратов, тижорат банклари уч ой муддатда жойларда, тадбиркор ва аҳолимизга ушбу қулайликларни кенг тушунтириб, ундан самарали фойдаланишни йўлга қўйишни ташкил этишлари зарур. Бу борада, маҳаллабай иш ташкил этиш бўйича “Андижон тажрибаси”ни бутун мамлакат бўйлаб кенг қўллаш лозим бўлади.

Еттинчидан, кўплаб мурожаатларда бизнесни молиялаштириш манбаларини янада кўпайтириш мақсадида нобанк кредит ташкилотларини очиш ва юритишга бўлган мавжуд талабларни камайтириш ва енгиллаштириш сўралган. Бу таклифлар бизга жуда маъқул. Шунинг учун, жорий йил 1 октябрдан микромолия ташкилотларини лицензиялаш тартиби тўлиқ бекор қилинади. Энди, улар фаолиятини бошлаши учун фақатгина Марказий банк реестрига киришлари кифоя. Шунингдек, бундан буён уларга касса хоналари ташкил этиш, ҳудудларда филиаллар очиш учун Марказий банкнинг розилигини олиш шарт бўлмайди.

Улар томонидан тадбиркорларга бериладиган микрокредит (300 миллион сўм) ва микролизинг (600 миллион сўм) учун амалдаги чекловлар ҳам олиб ташланади. Шу билан бирга, микромолия ташкилотларига бошқа ташкилотлардан маблағлар жалб қилиш, облигациялар чиқариш ҳуқуқлари ҳам берилади. Шунингдек, ушбу ташкилотлар худди банклар каби тўловларни қабул қилиш ваколатига ҳам эга бўладилар. Умуман, ушбу янги имкониятлар ҳисобидан ҳам кредит бозорида тадбиркорларимиз учун йилига қўшимча 10 триллион сўм маблағ шаклланади.

Иккинчи йўналиш – солиқ тизимини такомиллаштириш, бизнесга солиқ юкини имкон қадар камайтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди:
– Маълумки, сўнгги уч йилда солиқлар тури 16 тадан 9 тага қисқарди. Кўпчиликнинг эсидан чиққан бўлиши мумкин, яқингача Пенсия, Мактаб ва Йўл жамғармаларига бизнес учун оғир юк бўлган 3,2 фоизли йиғимлар тўланар эди. Ушбу йиғимлар корхоналарнинг фойдасидан қатъий назар, оборотдан олиниб, уларнинг миқдори корхоналарнинг камида 20-25 фоиз фойдасига тенг бўлган. Бюджетдан ташқари жамғармаларга мазкур йиғимларни бекор қилиш ҳисобига, 7 мингга яқин корхона ҳар йили ўртача 6 триллион сўм солиқ тўлашдан озод бўлдилар. Молк-мулк, даромад солиғи ва ижтимоий солиқлар ставкалари 2 баробарга камайтирилди. Аниқ мисоллар билан гапирадиган бўлсак, транспорт соҳасида солиқ юки – 3 баробар, озиқ-овқат саноатида – 2 баробар, тўқимачилик ва электротехника саноатида эса, 20 фоизгача камайди.

Айниқса, пандемия даврида харажатларимиз кескин ошганига қарамай, қўшилган қиймат солиғи 20 фоиздан 15 фоизга туширилди, кўпроқ зарар кўрган тармоқларга ижтимоий солиқ 12 фоиздан 1 фоизга пасайтирилиб, мол-мулк ва ер солиқлари тўловларидан буткул воз кечилди. Бу эса, ўз навбатида тадбиркорлар ихтиёрида қолган 2 триллион сўм маблағни бизнес фаолиятига сарфлаш имконини берди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » "Доллар ўрнига сўм": Президент тадбиркорларга қандай ечимлар таклиф этди?