Қибрайда дарахтлар орасига яширилган 95 кг «гашиш» аниқланди

Тошкент вилояти Қибрай туманида қарийб 95 килограмм «гашиш» гиёҳвандлик воситаси ноқонуний муомаладан олиб қўйилди. Божхона қўмитаси ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида наркотик модда дарахтлар орасига яширилган ҳолда аниқланган.
Дала майдонидаги 4 та қопдан жами 109 та ўрам топилган. Лаборатория хулосасига кўра, улардаги модда «гашиш» экани тасдиқланган.
Ҳудуд бир неча кун кузатувда бўлган. 8 кун ўтиб, гиёҳвандлик воситаларини олиб кетиш учун келган икки нафар фуқаро ушланган.
Тергов давомида наркотикларни яшириб кетишга топшириқ берган шахс ҳам аниқланиб, қўлга олинган. Қўмита маълумотига кўра, у аввал бензин контрабандаси билан боғлиқ жиноят иши доирасида жавобгарликка тортилган шахс бўлган.
Қайд этилишича, олиб қўйилган 95 килограмм «гашиш» қарийб 700 минг дозага тенг. Унинг қора бозордаги эҳтимолий қиймати 10 миллион доллардан ошиши мумкин эди.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.































Изоҳлар 0
…