Фото: Getty Images
2021 йил 10 октябрдан 31 декабргача бўлган даврда гўшт (мол, қўй, товуқ), тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ва уларни сўйишдан олинадиган маҳсулотлар, картошка ҳамда музлатилган балиқ савдоси ва импорти ҚҚСдан озод қилинди.
Қонундан мақсад – ички бозорда ушбу маҳсулотлар нархини барқарорлаштириш. Хўш, бу мақсадга эришилишини кутиш мумкинми?
Бу маҳсулотлар нархи ошиши статистикаси қандай?
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, йиллик нисбатда мол гўшти 13,8 фоизга (ўтган йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 22,3 фоиз бўлган), қўй гўшти 12,3 фоизга (ўтган йили 26,8 фоиз), балиқ маҳсулотлари эса 10,9 фоизга қимматлашган. Ўтган 2020 йилда картошка нархи 42 фоизга ошганди.
Юқоридаги қонун айнан мавсумий омиллар сабаб нархлари ошиш эҳтимоли юқори бўлган ушбу асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш мақсади билан изоҳланмоқда.
ҚҚС имтиёзи ижобий самара берадими?
Энди вазиятга бошқа томондан қараб кўрамиз. Биринчидан, маҳаллий ишлаб чиқарувчи юқорида кўрсатилган маҳсулотлар бўйича импорт товар билан кучли рақобатга кириша олмайди. Сабаб – нарх ва хомашё муаммоси. Четдан ушбу маҳсулотларни импорт қилувчиларга имтиёз берилган ҳолда, мамлакат ичкарисида худди шу меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган тадбиркорларга имтиёзлар берилгани йўқ.
Масалан, чорва етиштирувчи маҳаллий фермер асосий озуқа маҳсулотларини (омихта ем, шелуха ва ҳ.к.) аввалги нархларда харид қилишни давом эттириши, йил давомида содир бўлган қурғоқчилик натижасида ем-хашакнинг камайиши таъсирида, унинг гўшт етиштиришга нисбатан рағбати камаяди.
Натижада асосий гўшт маҳсулотлари мамлакат ичкарисида етиштириладиган республика миқёсида 82 кунлик имтиёзли даврда гўшт саноатига пул тикиши мумкин бўлган эҳтимолий маҳаллий инвесторлар ўз маблағини бошқа соҳага йўналтиради. Бу эса имтиёзли давр тугаганидан кейин нархлар ошишига олиб келиши мумкин.
Kun.uz билан суҳбатда иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов Аргентинада юз берган бир вазиятни мисол тариқасида келтирганди.
“Аргентинанинг сиёсий бошқарувчилари: “Гўшт нархи кўтарилиб кетди, одамларимиз қийналяпти”, деган важ билан гўшт экспортига 40 ё 50 кунлик тақиқ қўйишганди. Кейин нима бўлган? Албатта, гўшт нархи тушган. Минглаб тонна гўшт маҳсулотларини экспорт қилаётган мамлакатда чекловлар ўрнатилса, ўз-ўзидан ички бозорда маҳсулот кўпайиб кетади. Аммо бунинг натижасида, бир қанча вақтдан кейин мамлакатда гўшт кескин қимматлашиб, Аргентина дунёдаги энг кўп гўшт экспорт қилувчи мамлакатлар қаторидан чиқиб кетган. Бунинг сабаби – рағбатлар нотўғри қилиб қўйилганида. Тадбиркорлар, инвесторлар доим потенциал фойда нуқтайи назаридан фикрлайди. Агар давлат сунъий тарзда ниманингдир нархини туширса, бу ҳаммани қўрқитиб қўяди ва ўша соҳага кириш рисклари ниҳоятда ошиб кетади. Оқибатда ўша маҳсулот нархи қимматлигича қолаверади”, – деганди иқтисодчи.
Иккинчидан, мамлакатга ушбу маҳсулотларни импорт қилишда кучли рақобат муҳити мавжуд эмас. Бу эса имтиёзли даврда нархлар тушишига сезиларли таъсир қилмайди.
Маҳаллий ишлаб чиқариш қуввати пасайиб, истеъмол бозорида импорт улуши ошганида рақобатчиси кам импортчи товарлар дефицитидан фойдаланиб, нархни ошириш имкониятига эга бўлади.
Аввалроқ Ўзбекистонда ўсимлик ёғи нархини барқарор сақлаш мақсадида 2021 йил охиригача ўсимлик ёғи қўшимча қиймат солиғидан озод этилган, бироқ бу ёғ нархи пасайишига олиб келмади.
Иқтисодчилар нима дейди?
Иқтисодчи Отабек Бакировга кўра, ҚҚСнинг бекор қилинишидан нархларнинг пасайишини кутиш қийин, лекин барқарорлашиши мумкин.
“Қонун ижодкорлари бу билан нархлари ошиб бораётган ва инфляцияда катта ўринга эга маҳсулотлар нархи ўсишини тийишга умид боғлаётган кўринади. Ўтган ойда, масалан, картошка 7,8 фоизга, товуқ гўшти 2,8 фоиз, мол ва қўй гўшти 1,8 фоизгача қимматлаган эди. Нарх ошиши тенденцияси октябрда ҳам давом этмоқда.
Албатта, ушбу маҳсулотларга мавсумий ўсиб бораётган ва жамғарилаётган талаб шароитида ҚҚСнинг бекор қилинишидан нархларнинг пасайишини кутиш қийин, лекин барқарорлашиши мумкин.
Бундан аввалроқ ўсимлик ёғи ва кунгабоқар уруғи импорти ҳамда ички бозорда реализациясига ҳам 2021 йил 31 декабрга қадар ҚҚС бекор қилинган ва бир муддат нархлар барқарорлашиши юз берган эди”, дейди иқтисодчи.
Молиячи мутахассис Абдулла Абдуқодиров эса сўз кетаётган маҳсулотларни солиқлардан бутунлай озод қилган тақдирда ҳам нархлар тушмаслиги ва кейинчалик аксинча, яна ошишини таъкидламоқда.
“Аслида, баъзи озиқ-овқат маҳсулотларига импорт қилинганда ва мамлакат ичидаги савдода ҚҚС олмаслик ташаббуси баъзи нарсалардан аниқ далолат беради:
Биринчидан, расмий иқтисодий блок томонидан шунча катта олқишлар билан 2019 йилда киритилган янги солиқ сиёсати ўзини тўла оқлай олмади ва уни қайта кўриб чиқиш керак.
Иккинчидан, баъзи маҳсулотларни солиқлардан озод қилиш тажрибаси, айниқса, бу қисқа муддатли бўлса, бу иқтисодиётнинг амал қилиш омилларини бутунлай тушунмаслик ва баъзи қўштирноқ ичидаги одамларнинг катта контрактларини ўтказиб олиш учун қилинган ишлар ҳақидаги гумонларга олиб келади.
Учинчидан, мазкур қарор айнан шу маҳсулотларни ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш ва сотиш омиллари ҳақида ташаббускорларда етарли маълумот йўқлигидан далолат беради.
Оддий бир мисолда кўрсатаман: 1 тонна аммиак ўғитини ишлаб чиқариш учун тахминан 900 м3 табиий газ кетади. Энди тасаввур қилинг, ана шу табиий газ нархи 1000 м3 учун 200 АҚШ долларидан 1800-2000 АҚШ долларига чиқиб кетса, аммиак ўғитининг нархи қандай бўлади? Ва у асосида ишлаб чиқариладиган барча қишлоқ хўжалик молларининг нархи қандай ўзгаради?
Яъни қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нархи ошишида солиқларнинг деярли аҳамияти йўқ. Нарх ошиши умумий таклифнинг камайиши, талабнинг COVID-19дан кейин кескин ошиши ва юк ташиш харажатларининг (вагонларнинг нархи) кескин ошиши ҳисобига юз беряпти.
Демакки, солиқлардан бутунлай озод қилган тақдирда ҳам нархлар тушмайди ва аксинча, ўсиб бораверади, чунки юқори нархларда тўлашга тайёр бўлган талаб таклифдан юқори”, – дейди молиячи.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, алоҳида турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини олиб киришга вақтинчалик солиқ имтиёзлари бериш бозорда вақтинча импорт маҳсулотлар устунлигини оширади, маҳаллий ишлаб чиқарувчилардаги рағбатни камайтиради, бу эса имтиёзли давр тугаганидан кейин нархлар яна ошишига олиб келиши мумкин.
Достон Аҳроров тайёрлади.
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
Хатолар ва мағлубиятлар... улар кечириладими?
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи