08:40 / 24.06.2022
1 743

14та туман ва шаҳарда электр энергияси сотадиган хусусий компаниялар очилади

14та туман ва шаҳарда электр энергияси сотадиган хусусий компаниялар очилади
2023 йилда Ўзбекистондаги 14та туман ва шаҳарда ҲЭТКлар билан параллел равишда аҳолига электр сотадиган хусусий компаниялар иш бошлайди. МЭТнинг электр энергиясини ягона харид қилиш ва магистрал тармоқларни бошқариш ваколатлари ажратилиб, ягона харид қилувчи сифатида алоҳида компания ташкил этилади.

Президент Шавкат Мирзиёев 23 июн куни электр энергетикаси корхоналари фаолиятини трансформация қилиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

Расмий релизга кўра, айни пайтда 7 миллион истеъмолчи Электр энергиясини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимига уланиб, аҳолидан тўлов ундириш 100 фоиз таъминланмоқда. Генерация соҳасида жами 7 миллиард долларлик 19 та қуёш, шамол ва иссиқлик электр станциялари қуриш бўйича лойиҳаларга хорижий инвесторлар жалб қилинган.

Шу билан бирга, соҳада рақобатни яратиш, энергия таъминотининг ҳажми ва сифатини ошириш бўйича ҳали қилинадиган ишлар кўп. Жумладан, энергетика тизимини модернизация қилиш, иқтисодиёт тармоқлари ва аҳоли эҳтиёжларини тўлиқ қондириш учун келгуси йилларда 20 миллиард долларга яқин инвестиция талаб этилади. Бунинг учун соҳада рақобатли бозорни шакллантириш ва хусусий инвесторларга шароитларни кенгайтириш зарур.

Шу боис йиғилишда энергетика бозорини бошқариш бўйича янги тизим яратиш масалалари муҳокама этилди.

Хусусий генерация корхоналари уланиши учун тенг шароит яратиш мақсадида “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖнинг электр энергиясини ягона харид қилиш ва магистрал тармоқларни бошқариш ваколатларини ажратиш таклифи билдирилди.

Бунда, ягона харид қилувчи компания барча электр станцияларидан электр энергиясини шартнома асосида сотиб олиб, йирик корхона ва ҳудудий электр тармоқлари корхоналарига сотади. Магистрал тармоқ оператори эса электр энергиясини етказиб бериш, йўқотишларни камайтириш ва энерготизимни техник бошқариш билан шуғулланади.

Келгуси йилда 14 та туман ва шаҳарда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖга муқобил тарзда, истеъмолчиларга электр энергиясини сотадиган хусусий чакана электр савдо компаниялари ташкил этилади.

Шунингдек, тармоқ раҳбарларига трансформация жараёнини жадаллаштириш, корхоналарни молиявий соғломлаштириш ва тўғридан тўғри инвестициялар жалб қила оладиган компанияларга айлантириш кераклиги таъкидланди.

Соҳа корхоналарининг операцион харажатларини оптималлаштириш, электр узатиш тармоқларини янгилаш бўйича ҳам топшириқлар берилди.

Ҳукумат ва соҳа раҳбарларига ушбу ислоҳотларни амалга ошириш учун зарур бўлган юқори малакали кадрларни тайёрлаш бўйича дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Эслатиб ўтамиз, шу йил апрел ойида энергетика бўйича президент фармони имзоланган эди. Фармонда, тажриба тариқасида дастлаб 14та шаҳар ва туманда табиий газ ва электр энергиясини улгуржи харид қилиш ва сотиш функцияси хусусий операторга бериш кўзда тутилган. Бугунги йиғилишда эса танланган ҳудудларда ҲЭТК ҳам хусусий компанияларга параллел равишда аҳолига электр сотишда давом этиши айтилди.

Апрел ойидаги фармонга кўра, хусусий компаниялар электр ва газни аҳоли учун ҳукумат белгилаган тарифлардан оширмаган ҳолда сотади.

Куни кеча Шавкат Мирзиёев табиий газни марказлашган тартибда харид қилиш ва сотиш функциясини бажарувчи “UzGasTrade” АЖни ташкил этиш тўғрисида қарор имзолади.

Ҳукумат 2026 йилдан бошлаб электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газнинг улгуржи бозорига ўтишни мўлжалламоқда. Режага кўра, ўша вақтдан бошлаб ижтимоий ҳимоя кафолатларини белгилаган ҳолда энергия нархлари “қўйиб юборилади”, яъни электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ нархлари эркин бозор шароитида шаклланади.

Бозор нархлари соҳага инвестициялар оқимини кўпайтириши, шу орқали тақчиллик муаммоси (оддийроқ айтганда, газ ва "свет" ўчишлари) ҳал этилиши мўлжал қилинган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » 14та туман ва шаҳарда электр энергияси сотадиган хусусий компаниялар очилади