21:20 / 11.07.2022
1 815

Пластик картадаги пулларни банкомат орқали нақдлаштириш учун комиссия нархи оширилмоқдами?

Пластик картадаги пулларни банкомат орқали нақдлаштириш учун комиссия нархи оширилмоқдами?
Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистондаги банклардан бири тажриба тариқасида банкоматдан йирик миқдорда нақд ечиш учун 1,5 фоиздан 3 фоизгача комиссия ўрнатгани ҳақидаги хабар тарқалди. Иқтисодчилар ва бошқа соҳа вакилларининг айримлари бу тўғри қарор экани ҳақида ёзса, аксарият фаоллар мазкур ҳаракат халқни очиқдан-очиқ талаш эканини айтмоқда.

Иқтисодчи Отабек Бакиров Telegram’даги каналида банклардан бири тажриба тариқасида банкоматдан йирик миқдорда нақд ечиш учун 1,5 фоиздан 3 фоизгача комиссия ўрнатганига гувоҳ бўлганини ёзди.

- "Бугун банклардан бирининг тажриба тариқасида банкоматлар орқали йирик миқдорда нақд ечиш учун 1,5 фоиздан 3 фоизгача комиссия ўрнатганига кўзим тушди. Бир миллионгача нақд ечиш учун комиссия аввалгидек ўзгаришсиз қолган - 1 фоиз. Кўп гувоҳ бўлаётганимиздек, одатда «баригалар» (тижорий мақсадларда нақд пулдан фойдаланувчилар) катта миқдордаги нақдликни ечиб кетишади, пенсионер/ бюджетникларга нақд пул қолмайди. Яъни нақд пулга нисбатан истеъмол хариди учун талабгорларнинг талаби қондирилмай қолади.

Банкоматлардан чиқимларнинг таркибини кўриб, таҳлил қилаётган банклар бунга ўзлари ишонч ҳосил қилиши мумкин. Банкоматга жойлаштирилган ҳажми бўйича 75-90 фоиз нақдликнинг ечилиши сони бўйича 15-20 фоиз транзакция ҳиссасига тўғри келади (ҳудудлар ва локацияга қараб). Табиийки, бозор ва бизнес қоидаларига кўра, талаб ва таклифни мувозанатлаш учун катта миқдорда нақдлик ечиш учун юқорироқ комиссиялар ўрнатилиши истеъмолчилар учун ҳам, банклар учун манфаатли қадам бўлади. Жараённинг бундай йўлга қўйилиши нақд пулнинг транзаксион таннархи/харажатлари ва нақдликка талаб анча баланд бўлган узоқ ва чекка туманларда айниқса муҳим
", – деб ёзди у.

Журналист Шуҳрат Шокиржонов ҳам банкоматларда нақдлаштирилаётган пуллар миқдорига қараб комиссияни турлича фоизлар билан белгилаш тарафдори эканини ёзган.

- "Банкларимиз бир кунда 1 миллион сўмгача бўлган нақдлаштирилаётган пулларга 1 фоизлик комиссия, 1 миллион сўмдан - 5 миллион сўмгача 3 фоиз, 5-10 миллион сўм оралиғига 5 фоиз, 10 миллион сўмдан зиёдига 10 фоизлик комиссия ўрнатиши тарафдориман. Нақд пулни эҳтиёжига яраша ишлатадиганларгина арзон комиссияга эга бўлишлари керак", – деб ёзади у.

«Давлетовуз» Telegram-канали муаллифи эса мазкур таклифларга қарама-қарши фикр билдирди.

- "Бир гуруҳ банк ва банкирларга яқин каналларда банкоматларда пул ечишда (яъни ўз пулингизни ечишда) комиссия тўлови 3 фоизгача эксперимент тариқасида оширилгани ва бунинг тўғри эканлиги ҳақида постлар ёзилмоқда. Гўёки 1 миллион сўмгача 1 фоиз, қолганига оширилган комиссия қўлланар эмиш. Барига, банкоматлар ишламаслиги, нақд пул йўқлиги — пластик карта эгаларининг муаммоси эмас. Бу банк тизими раҳбариятининг нўноқлиги муаммосидир балки.

Бу очиқдан-очиқ халқни талашга интилиш, нотўғри амалиётни яна нотўғри амалиёт билан хаспўшлашга уринишдан бошқа нарса эмас. Гўёки Ўзбекистон банклари бозор муносабатларига ўтган-у, ҳозир маъмурий чекловлардан қийналиб қолишяпти. Муаммони бошқа муаммо билан, халққа оғирроқ қилиш билан ечим изламанг. Кимга имкон берилса, биринчи бўлиб халққа ўлпон солишни ўйлайди. Икки рақамли инфляция, яна ўз пулингни туя қилишлари талончиликдир
", – деб ёзади муаллиф.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ҳам банкоматдан нақд пул ечиб олиш учун комиссия миқдори оширилишига қарши эканини ёзди.

Айрим банклар тажриба тариқасида банкоматлар орқали йирик нақд ечиш учун 1,5 фоиздан 3 фоизгача комиссия ўрнатмоқда экан. Бир миллионгача нақд ечиш учун комиссия аввалгидек ўзгаришсиз қолган – 1 фоиз.Ушбу ташаббус нақд ва нақдсиз пул ўртасида тафовутни янада кучайтириши мумкин. Ва ўртаҳол аҳолининг кўпчилиги бундан норози бўлади.

Қорақалпоғистондаги воқеалардан дарс ўлароқ айни вақтда аҳоли норозилигини келтириб чиқарадиган ҳаракатлардан тийилган маъқул.Банклар эса ривожланган дунё банклари каби фойда олишнинг бошқа йўлларини қидирмоғи, масалан, ўз ходимлари ва маълум «каттакон»лар ўртасида тақсимланадиган кўзбўямачи имтиёзли кредитларни беришни тўхтатиш устида ишлаганлари маъқул бизнингча. Биз ва оддий аҳоли аслида бу каби имтиёзлардан кимлар кўпроқ фойдаланаётганини яхши биламиз», – деб ёзди депутат.

Муҳокамалар давом эта бошлагач, Марказий банк ҳолатга расмий муносабат билдирди. Регуляторнинг қайд этишича, банкоматлардан нақд пул ечиш учун комиссия тўловлари тижорат банклари томонидан банкоматга хизмат кўрсатиш харажатларидан келиб чиқиб мустақил белгиланади.

Бугун, 2022 йилнинг 11 июль куни тушликдан кейин, ижтимоий тармоқларда айрим банкоматлардан нақд пул ечишда ечилаётган нақд пул миқдоридан келиб чиқиб 3 фоизгача комиссия тўловлари олинаётганлиги тўғрисида хабарлар тарқалди. Марказий банк ушбу ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қилади:

Биринчи навбатда, байрам кунлари муносабати билан республика ҳудудидаги 9 500 дан ортиқ банкоматларнинг узлуксиз ишлаши ва етарли миқдорда нақд пуллар билан таъминлаш чоралари кўрилган. Банкоматлардан нақд пул ечиш учун комиссия тўловлари тижорат банклари томонидан банкоматга хизмат кўрсатиш харажатларидан келиб чиқиб мустақил белгиланади ва бугунги кунда 1 фоиздан ошмайди. Айрим тижорат банки томонидан алоҳида бир банкоматда эксперимент тариқасида табақалашган юқори комиссия тўлови ўрнатилган бўлса, эркин бозор шароитида бу ўзини оқламайди. Зеро, бошқа банкоматларда комиссия тўлови 1 фоиз ёки ундан паст қилиб белгиланганлиги сабабли истеъмолчилар арзон хизматидан фойдаланишни афзал кўради.

Ҳурматли ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари, Сиздан маълумотларни тарқатишда уларнинг ҳақиқийлигини ҳамда тизимдаги хизматлар кўламига таъсирини инобатга олишингизни сўраймиз.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Пластик картадаги пулларни банкомат орқали нақдлаштириш учун комиссия нархи оширилмоқдами?