Янги ўқув йили арафасида Тошкентдаги қатор мактабларда турли сабаблар билан ота-оналардан бир неча юз минг сўмдан пул йиғиляпти. Айрим ота-оналар аввалги йилларда турникет учун пул йиғилгани, лекин ҳозир улар ё йўқлиги, ё ишламаётганини айтмоқда. Ҳозир эса камера ўрнатиш трендда, бироқ бу ҳам турникетлар ҳикоясини такрорламаслигига кафолат йўқ.
5 сентябрдан янги ўқув йили бошланади. Ҳозир ота-оналар фарзандларини яхши мактаб, ўқитувчиларга бериш учун елиб-югуриши табиий. Бундан эса айрим мактаблар раҳбарлари фойдаланиб қолиш пайида бўлади.
Facebook'даги “Потребитель.uz” гуруҳида Миша Ким исмли фойдаланувчининг ёзишича, бир мактабнинг раҳбари муассасага камера ўрнатиш учун пул сўраган.
“Ҳали ўқув йили бошлангани йўқ, лекин мен ҳозирдан асабийлашишни бошладим… Кимнинг мактабига камера ўрнатилиб, бунинг учун 1 млн 700 минг сўм сўрашяпти?” – дея ёзган у.
Шу постнинг муҳокамасига фикр ёзиб қолдирганлар ҳам мактаб учун маълум суммаларда пул беришганини ёзишган.
“2019 йилда (Юнусобод туманидаги 246-сонли) мактабда турникети учун икки нафар фарзандимизнинг ҳар бири учун 60 минг сўмдан 120 минг сўм тўлаганмиз. Охирида мана, на турникет, на пуллар бор”, – дейди фойдаланувчилардан бири.
“Кўплар қатори мендан ҳам, мактабимизда эса жами 2–2,5 минг нафар одамдан 25 минг сўмдан пул йиғилган. Ҳозир пул ҳам, турникет ҳам йўқ”, – дейди бошқа бир фуқаро.
Биз суҳбатлашган ота-оналардан бири бу йил фарзандини Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманидаги мактаблардан бирига жойлагани, ўқув йили бошланишидан олдин мактаб директори пул сўраганини айтди.
“Мен ҳам 550 минг сўм бердим. Директор ўғлимни 1-синфга қабул қилаётганда: “Синфларга аудиоёзувли камера ўрнатяпмиз, ёрдам қила оласанми?” деганди, ноилож ҳа дедим. Чунки аввалроқ болам яхшироқ ўқитувчига тушишини сўрагандим. Шарти шу бўлди менимча”, – дейди у.
Суҳбатдошга кўра, харид қилинган камерани ўрнатиш харажатлари учун ҳам яна 200 минг сўм сўрашган, лекин у бермаслигини айтган.
Бошқа бир суҳбатдошимиз эса шу ой фарзандини Яккасарой туманидаги мактаблардан бирига жойлаган.
“Ўзимизнинг эмас, бошқа ҳудудга бераётганимиз учун директор олмайман деб пайсалга солди, кейин нарх қўйди. 200 доллар берсак, фарзандим шу мактабда, яхши ўқитувчиларнинг қўл остида ўқишини айтди. Кейин ноилож болам учун бердик шу маблағни”, – дейди у.
Халқ таълими вазирининг матбуот котиби Лайло Рустамованинг Kun.uz'га айтишича, мактабларни камералар билан жиҳозлаш ҳеч қайси ҳужжатда белгиланмаган, ота-оналарга бундай мажбуриятлар юклаш ноқонуний ҳисобланади.
“Боланинг мактабда таълим олиши мутлақо бепул.
Мактаб ҳудудига камера ўрнатилсин деган топшириқ бермаганмиз. Марказлаштирилган маблағ ҳам кўзда тутилмаган камера учун. Халқ таълимига ажратиладиган бюджетнинг 95 фоизи бу – ойлик маош”, — деди вазирлик расмийси.
Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди.
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин
Тюмен областига Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари ишга жалб қилинади
Хатолар ва мағлубиятлар... улар кечириладими?
Глобал очлик ва қашшоқликка қарши кураш алянсига 82 мамлакат аъзо бўлди
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Ижтимоий тармоқлар даврида руҳий саломатликни қандай сақлаш мумкин?
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)