
Сўнгги йилларда олиб борилган ислоҳотлар самараси натижасида мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлашнинг комплекс тизими яратилди. Билимли, кенг дунёқарашга эга ватанпарвар йигит-қизларни тарбиялаш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири этиб белгиланди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 18 январьдаги “Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини 2025 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарори қабул қилиниб, ушбу қарорга асосан Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини 2025 йилгача ривожлантириш концепцияси ва Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини 2025 йилгача ривожлантириш концепциясини 2021-2022 йилларда амалга ошириш бўйича тасдиқланди.
- Ушбу «йўл харитаси»га асосан болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг «Болалар Омбудсмани тўғрисида»ги қонунини қабул қилиш;
- Ўзбекистон ёшлари порталини ташкил этиш ва унда ёшлар сиёсатини баҳолаш миллий индекслари, ёшларга оид қонун ҳужжатлари базасини ва «Ёшлар мурожаати» электрон платформасини шакллантириш;
- «Ёшлар: 1+1» дастури доирасида уюшмаган ва ишсиз ёшларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш;
- «Ҳунарли киши хор бўлмас» ғояси асосида уста ҳунармандлар қўлида ишсиз ёшларга касб-ҳунар ўргатиш мақсадида ҳудудларда «устоз-шогирд» анъанасини янги тизимда жорий этиш каби бир қатор вазифалар белгаилаб берилган.
Ёшларга берилаётган имтиёзларга тўхталадиган бўлсак, бизга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
2021 йил 28 апрелдаги “Моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларни, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 250 сон Қарорига асосан мамлакатимизда аҳоли, шу жумладан, хотин-қизлар ва ёшларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож, турмуш шароити оғир, ишсиз ва касб-ҳунарга эга бўлмаган, ҳуқуқий ва маънавий-психологик қўллаб-қувватлашга зарурати бўлган фуқароларга давлат томонидан манзилли кўмаклашиш бўйича «Ёшлар дафтари» тизими амалиётга жорий этилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 7 июньдаги “ёшлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 312 сон Қарорига асосан “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисидаги намунавий низом тасдиқланди. “Ёшлар дафтари” жамғармаси маблағлари қуйидагиларга:
- “Ёшлар дафтари”га киритилган моддий аҳволи қийин ёшларга БҲМнинг 4 бараваригача миқдорда бир марталик моддий ёрдам кўрсатишга;
- ёшларни тадбиркорлик ва касб-ҳунарга ўқитиш бўйича нодавлат таълим ташкилотларига сарфланадиган харажатларнинг 75 фоизигача қисмини қоплашга;
- “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга тадбиркорлик фаолияти ҳамда ўзини ўзи банд қилиш мақсадида нотурар жойнинг 12 ойгача ижара харажатларини кўпи билан бир йилда БҲМнинг 25 бараваригача миқдорда қоплашга;
- “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва ўзини ўзи банд қилишга зарур бўлган асбоб-ускуналар ва меҳнат қуролларини харид қилиш учун БҲМнинг 40 бараваригача миқдорда субсидия ажратишга;
- мамлакатимиздаги ОТМда ўқиётган “Темир дафтар”га киритилган оилалар фарзандлари тўлов-контракт суммасининг 50 фоизигача, аммо БҲМнинг 50 бараваридан ошмаган миқдорда тўлаб беришга;
- “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг аҳволи оғир бўлган бемор фарзандларига мамлакатда ёки хорижий давлатда даволаниш билан боғлиқ харажатларни БҲМнинг 50 бараваридан ошмаган миқдорда қоплашга йўналтирилади.
Шунингдек мазкур қарор ижроси бўйича Ёшлар ишлари агентлиги туман(шаҳар) бўлимлари “Ёшлар дафтари” жамғармасининг ишчи органи ҳисобланади.
Қибрай туман адлия бўлимида ҳам ёшларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг 15 июнь куни Қибрай тумани “Пастки юз” МФЙда масъул котиба лавозимида фаолият юритган 1996 йилда туғилган Р.З. туман адлия бўлимига Қибрай тумани Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан меҳнат ҳуқуқлари оид тегишли ҳужжатлар берилмаётганлигидан норози бўлиб мурожат қилди.
Аниқланишича, фуқаро Р.З. Қибрай тумани “Пастки юз” МФЙда масъул котиба лавозимида 2015 йилдан 2018 йилгача фаолият юритган бўлиб, фуқаро Р.З. га тегишли меҳнат дафтарчаси, пенсия гувоҳномаси Қибрай тумани Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан ҳар хил баҳоналар билан берилмаётганлиги маълум бўлди.
Ушбу Қибрай тумани “Пастки юз” МФЙда масъул котиба лавозимида фаолият юритган 1996 йилда туғилган Р.З.нинг аризаси ўрганиб чиқилиб, Қибрай тумани адлия бўлими томонидан Қибрай тумани Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлимига сўров хати юборилди ва Қибрай тумани адлия бўлими аралашуви билан фуқаро Р.З.нинг мурожаати қаноатлантирилди.
Зеро, Адлия бўлимларини ташкил этишдан асосий мақсад ҳам ҳуқуқни қўллаш амалиётини тизимли таҳлил қилиш ва унинг изчиллиги ва бир хиллигини таъминлаш бўйича таъсирчан чораларни ишлаб чиқиш, ҳуқуқий нормаларнинг ўзбошимчалик билан ва нотўғри талқин қилинишига йўл қўймаслик юзасидан жойларда давлат органлари ва бошқа ташкилотларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериш, шунингдек ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, уларнинг ҳақиқий эҳтиёжлари билан боғлиқ ҳолда таъминланишига эришишдан иборат эди.
Бу эса ёшларимизнинг вилоятлар марказига юзлаб чақирим йўл босиб ўтирмай, уларнинг ҳуқуқий муаммоларини ортиқча оворагарчиликсиз ҳал этишга имкон берди. Адлия бўлимларининг ташкил қилинганлиги фуқароларнинг, айниқса ёшларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш йўлида катта қадам бўлди деб айта оламиз.
Шунингдек, ўтган давр мобайнида ёшларнинг кундалик ҳаётида учрайдиган ҳуқуқий муаммоларни таҳлил қилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича қонунчиликка берилган таклифлар кўплаб бюрократик тўсиқларни олдини олганлигини кўришимиз мумкин.
Хулоса қилиб айтишимиз мумкинки, адлия бўлимлари бутун фаолияти давомида аҳолининг, шу жумладан ёшларнинг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари тиклаш бўйича кўплаб ишларни амалга оширди.
Қибрай тумани адлия бўлими
етакчи маслаҳатчиси
Абдусатторов Жахонгир Жалолович
етакчи маслаҳатчиси
Абдусатторов Жахонгир Жалолович

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар