22:32 / 10.08.2023
365

Шавкат Мирзиёев ромитанлик оила хонадонида бўлиб, улар билан суҳбатлашди (фото)

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари Бухоро вилояти Ромитан туманидаги Қаҳрамон маҳалласида бўлиб, аҳоли турмуши билан яқиндан танишди, деб хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.

Бу ерда 3 минг 900 нафарга яқин аҳоли яшайди. Маҳалланинг драйвери ҳунармандлик ва иссиқхона хўжалиги дейиш мумкин. 200 гектар майдондаги иссиқхоналарда бозорбоп сабзавотлар етиштириб сотилади. Шунингдек, мебелсозлик, тикувчилик, зардўзлик яхши ривожланган.

Президент шу ерлик Ҳалил Қобилов ва Гулбаҳор Тўхтаевалар хонадонида бўлди. Қўни-қўшнилар, оқсоқоллар йиғилиб, самимий давра қурилди. Маҳалла раиси ҳудуддаги ўзгаришлар, одамлар ҳаёти ҳақида сўзлаб берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маҳаллада ўндан ортиқ савдо дўкони, тикувчилик устахоналари, меҳмонхона ва ресторанлар бор. Уларда маҳаллий ёшлар ишлаб, даромад топмоқда. Умуман айтганда, маҳаллада ишсиз одам йўқ, ўтган даврда бирорта жиноят содир этилмаган.

“Обод маҳалла” дастури асосида инфратузилма яхшиланган. Хусусан, ички йўллар асфалтланиб, пиёдалар йўлаклари қурилган. Трансформатор ўрнатилиб, электр тармоқлари янгиланган.

Фото: Президент матбуот хизмати
“Одамларга нима куч беради? Ислоҳотлар натижасини ўз ҳаётида кўриш. Бугун одамларимиз шундай руҳ билан эртанги кунга интиляпти. Ҳаракат қилган оиланинг бири икки бўляпти. Халқимиз бизга катта ишонч билдирди. Янада ўзгаришларни, янги ташаббусларни кутяпти. Бу жуда юксак масъулият”, — деди Шавкат Мирзиёев.

Учрашувда нуронийлар ёшлар тарбияси, туман ривожи бўйича ўз таклифларини билдирди.

Фото: Президент матбуот хизмати

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият