Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Golden Fish Group МЧЖ қўриқлаш хизмати ҳамда вилоят экопатруль ходимлари томонидан навбатдаги мониторинг ва назорат тадбирлари ўтказилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманидаги “Туябўғиз” сув омборида бўлиб ўтган рейд давомида ноқонуний ов қилиш ҳолатлари аниқланган. Хусусан, фуқаро М.Н. тақиқланган ов қуроли ёрдамида 87 та товон балиқ, 1 та зоғора балиқ, 5 та илонбош, 16 та оқсила (судак), жами 109 та балиқ овлаган. Натижада табиатга 15 миллион 503 минг сўм зарар етказилган.
Ҳуқуқбузарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 90-моддаси (ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини, шунингдек ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузиш) билан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Фуқаро М.Н. базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробари — 3 миллион 300 минг сўм (ноябрь ҳолатига кўра) миқдорида жаримага тортилган. Ҳуқуқбузар қилмиши учун етказилган зарар ва белгиланган жарима — жами 18 миллион 803 минг сўм тўлайдиган бўлди.
Шунингдек, тадбир давомида балиқ овловчиларга ноқонуний усуллар ва тақиқланган қуроллар билан ов қилмаслик юзасидан тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилган.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг