Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги боғча ва мактабларда янги йил байрами тадбирларини ўтказиш бўйича тавсия ва кўрсатмаларини маълум қилди.
Унга кўра, байрам муносабати билан таълим ташкилотларида қуйидагилар тавсия этилади:
– таълим ташкилотлари ҳудуди, биноси ҳамда синф хоналарини тартибга келтириш, таълим ташкилотлари ҳовлисидаги табиий арчани (агар бўлса) ўқувчи ва тарбияланувчилар томонидан ясалган турли безаклар билан безатиш. Бунда байрам баҳонасида табиий арча дарахтларининг шохларини синдириш ёки уларни бошқа жойга кўчириш мумкин эмас;
– таълим ташкилотлари фойеси, фаоллар ёки спорт залларини ўқувчи ва тарбияланувчилар томонидан ясалган турли безаклар билан безатиш, бунда, турли хил электр ёритгичлар билан ясатилишига йўл қўймаслик чораларини кўриш;
– байрам тадбирларини таълим ташкилотлари ҳудудида, қизиқарли ҳолда ташкил этиш ва муассаса ҳудудини байрамона безатиш, айрим тадбирларни таълим ташкилотларининг гуруҳларида ва бошланғич синф ўқувчилари учун синф хоналарида, дарс машғулотларига халал бермаган ҳолда ўтказиш;
– таълим ташкилотларининг юқори синфлари ўртасида ўқувчилар томонидан тайёрланадиган безаклар (қоғоздан ясалган қор парчалари ва бошқа янги йил байрамига хос бўлган безаклар) танлови, «Энг чиройли безатилган синф» ва «Энг яхши янги йил табрикномаси» (синф номидан мактабга, ўқитувчиларга, ота-оналарга) каби кўрик-танловлар ташкил этиш;
– ўқувчилар томонидан янги йил байрами билан боғлиқ турли хил эртаклар ва саҳна кўринишларини намойиш қилиш тавсия этилади.
Вазирликка кўра, байрам кунлари давомида қуйидагиларни амалга ошириш тақиқланади, уларнинг олдини олиш учун берилган кўрсатмаларга риоя қилиш талаб этилади. Яъни:
– ўқувчилар томонидан турли хил пиротехник воситаларни олиб келиш ҳамда улардан фойдаланишга йўл қўймаслик чораларини кўриш, бундан ташқари, таълим ташкилоти раҳбарияти томонидан Эрталабки сафланишлар давомида, синф раҳбарлари томонидан эса синф соатлари ва ота-оналар мажлисида турли хил пиротехника воситаларидан фойдаланишнинг оғир оқибатлари ҳақида ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари билан тушунтириш ишлари олиб бориш лозим.
– байрамни нишонлаш баҳонасида ўқувчилар ва педагог ходимлар томонидан ноқонуний пул йиғимларини ташкил этиш, байрамни ресторан, кафе ва бошқа умумий овқатланиш шохобчаларида ўтказиш, шунингдек, ўқувчилар, уларнинг ота-оналари томонидан байрам муносабати билан таълим ташкилоти раҳбарияти ва педагог ходимларга турли хил совғалар тақдим этиш қатъиян тақиқланади.
Шу билан бирга, ўқувчилар ҳамда ота-оналар ўртасида янги йил байрамини оила даврасида ўтказиш юзасидан тарғибот-ташвиқот ишларини ташкил қилиш талаб этилиши таъкидланган.
Вазирлик 2 кун муддатида юқоридаги тавсия ва кўрсатмалар таълим ташкилотларига етказилиши ҳамда уларга тўлиқ риоя қилинишини сўраган.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг