Ўзбекистондаги таниқли фаоллар жума куни аҳоли ва ҳукуматнинг эътиборини оғирлашиб бораётган экологик муаммоларга қаратиш мақсадида Тошкент шаҳри марказида #TozaHavoKerak флешмобини ўтказишди.
Акцияда экоблогер Мўътабар Хушвақтова (Ўрикгули), рэпер Konsta, стендапчи Миршакар Файзуллаев, блогерлар Умид Гафуров, Мирзаёр Эркинов, Сарвиноз Толибаева, Аъзам Қаҳрамоний, Саъдулла Абдуллаев ва бошқалар қатнашган.
Мирзаёр Эркинов телеграм-каналида флешмобдан мақсад кўпроқ ўзбекистонликлар экология билан боғлиқ ҳолатга бефарқ бўлмаслиги, курашишига чорлов эканини таъкидлаган.
«Сўнгги йилларда юртимиз ҳудудида нафас олиш йўллари билан боғлиқ касалликлар кўпайгани сайин дарахтлар кесилиши, турар жойлар тинимсиз қурилиши, автомобиллар ҳам ҳаддан зиёд кўпайиб кетгани сезиляпти, сувнинг қадрига етилмаётгани ва энг ёмони — турли заҳарли газ, чанг, тутунлар чиқарадиган завод-фабрикаларнинг тўпориларча ишлаши ҳам аҳоли саломатлигида ўзининг изини кўрсатяпти.
Флешмобдан мақсадимиз кўпроқ ўзбекистонликлар экология билан боғлиқ ҳолатга бефарқ бўлмаслиги, курашишига чорлов. Бугун Ватан ҳимоячилари куни, унинг мусаффо осмонини ва одамларини қурол эмас, табиатга нисбатан муносабат билан ҳам ҳимоя қилса бўлади. Ҳар бир ўзбекистонлик ўзи учунмас, атрофидагилар учун ҳам масъуллиги даражасини ошириши керак.
Ундан кутаётган мақсадимиз — ҳукуматнинг масъул бўғинлари экология масаласини кун тартибида ушлаб туриши, қатъий-қатъий чоралар кўриши, дарахтлар кесилишига шунчаки жарима билан жавоб бермаслиги, қурилишларни камайтириши ва табиатни асрашда жиддийроқ қонунлар қабул қилиши», деган у.
Ўзбекистонда дарахтлар кесилиши, яшил ҳудудларда қурилишлар қилиниши, ҳаво сифати ёмонлашиши муаммолари ҳақида бир неча йилдан буён ёзиб келинади, аммо ҳукумат томонидан қатъий чоралар кўрилмаган. Бу йил эса ҳаво сифати бузилишининг ташқи белгилари яққолроқ кўрина бошлади ва экология масаласи янада долзарблашди.
Шу кунларда Экология вазирлиги Тошкент ҳавоси ифлосланишига таъсир этаётган омилларни маълум қилди. Таҳлилларга кўра, пойтахт ҳавоси ифлосланишига яшилликнинг камайгани, бетартиб қурилишлар, транспорт оқими юқорилиги, кўмир ва мазутдан чиқаётган заҳарли ташланмалар сабаб бўлмоқда. Вазирлик атмосфера ҳавосига кўрсатилаётган салбий оқибатларни камайтириш бўйича таклифларини илгари сурган.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг