15:10 / 23.10.2024
218

Гулнора Каримова туфайли ўзини ўлдирмоқчи бўлган Муниса Ризаева 38 ёшда (фото, видео)

Гулнора Каримова туфайли ўзини ўлдирмоқчи бўлган Муниса Ризаева 38 ёшда (фото, видео)
Ўзбек шоу-бизнесидаги энг талаб юқори бўлган хонандалардан бири Муниса Ризаева 21 октябрь куни 38 ёшга тўлди. Муниса бу йилги туғилган кунини бутунлай ўзгача кайфиятда, шукроналик ҳисси билан ўтказди.

Фото: Instagram
Барчаси учун яратганга ҳамд айтаман. Алҳамдулиллаҳ. Энди менинг ажойиб оилам бор. Бу йилги энг муҳим совғам бўлажак фарзандимиз бўлди. Янги ҳаёт учун раҳмат, Аллоҳ. Менинг энг зўр яқинларим, энг яхши ота-онам бор. Уларнинг умрлари узоқ бўлсин Илоҳим. Энг муҳими бир умрлик орзум амалга ошади — бу йил она бўламан. Қолаверса, ҳаммадан-да яхши тингловчиларим, ижодимнинг мухлислари борлиги бахт! Ҳаммаси учун Аллоҳимга шукур, бу мен учун жуда қадрли”, деб ёзди хонанда Instagram саҳифасида.

Муниса Ризаеванинг таржимаи ҳолини унинг ашаддий мухлислари яхши билади. Шу боис унинг қачон, қаерда ва қандай оилада туғилгани, қандай қилиб машҳурликка эришгани ҳақидаги маълумотларни такрорламаймиз. Бугун хонанданинг ижодига тўсқинлик қилган айрим ҳолатлар ҳамда ҳаётида сўнгги йилларда юз берган воқеалар ҳақида тўхталиб ўтамиз.

Гулнора Каримованинг “запрети”дан Муниса ҳам қуруқ қолмаган

Фото: Instagram
Муниса Ризаева интервьюларидан бирида 2012 йилларда Гулнора Каримованинг тақиқига учрагани ортидан ўзини ўлдиришга урингани ҳақида айтиб ўтган.
Гулнора Каримовага мен ҳақимда турли асоссиз гап-сўзлар етказишган. Мени унинг номини сотишда айблашган. Масалан, мени йўлда ЙПХ ходимлари тўхтатганида, мен уларга ‘Гули Каримованинг дугонасиман’, деб айтганмишман гўё. Бу биринчиси. Бундан ташқари, ўша вақтда унга яқин бўлган бир гуруҳ аёл хонандалар Каримовага мен ҳақимдаги бўлмағур гапларни гапирган. Уларнинг кимлигини жуда яхши биламан, ҳозиргача улар билан яхши муносабатдаман. Бироқ улар менинг бу вазиятдан хабардорлигимни билишмайди.

Мен ҳозирга келиб, уларнинг нега бундай қилганини тушуняпман. Бу гаплар М&TVА тақдирлаш маросимидан бир кун аввал бўлган. Ўшанда менга “Йил қўшиғи” ва “Йил хонандаси” номинацияларида мукофотни беришмоқчи бўлишган. Шунинг учун ушбу “интрига” атайин уюштирилган. Гулнора Каримова мен ҳақимдаги гапларга ишонган ва “бўлди, унга ҳеч қандай мукофот бермайсизлар. Ҳамма ёқдан ҳайдайсизлар” деб кўрсатма берган.

Шундан сўнг мени Терра компаниясидан ҳайдашган. Менинг компания билан беш йиллик шартномам бор эди ўшанда. Мен Севара Назархон билан “Голос” лойиҳасида қатнашаётган эдим. Терра’нинг директори менга қўнғироқ қилиб, “Гули сенинг ‘Голос’да қатнашишингни истамаяпти, тез Тошкентга қайтсанг қайт, бўлмаса, ‘запрет’га тушасан”, деди. Мен “Голос”нинг ҳамма саралаш босқичларидан ўтган эдим. Шунга қарамай, лойиҳадаги иштирокимдан воз кечиб, Тошкентга қайтиб келдим, лекин барибир “запрет”га тушдим.

Етти ой мендан ҳамма юз ўгирди. Ҳамма ўзидан қўрқиб мен билан гаплашишга қўрқарди. Ўзимни худди ўлгандек ҳис этардим. Ҳатто юрак хуружи билан касалхонага ҳам тушиб қолганман, ота-онам мени йўқотишига бир бахя қолган. Ўзимни осиб ўлдиришга ҳам уринганман
, деб эслайди Муниса Ризаева.

Маълумот учун, М&TVА мусиқа, теле ва видеомаҳсулотлар учун Ўзбекистон миллий мукофоти бўлиб, у 2005—2012 йилларда қатор санъат соҳаси, радио ва телебошловчилар, актёр ва режиссёрларга топширилган. Хонанда Муниса Ризаева 2012 йилда номзодлар орасида бўлган.

Очиқ кийимдаги суратлари тарқалиши ва 2 йиллик депрессия

Фото: Instagram
Гулнора Каримованинг шахсий тақиқи Муниса Ризаевага қаттиқ руҳий таъсир кўрсатган ягона ва охирги ҳолат эмас. Бундан бир неча йил аввал ижтимоий тармоқларга Мунисанинг ўта шахсий суратлари тарқалиб кетган, бу ҳолат хонандани 2 йиллик депрессияга тушишига сабаб бўлган.

Шунақа пайтлар бўлганки, суратларим тарқалиб кетганида 2 йил депрессиядан чиқа олмаганман. Ҳеч нарса қилгим келмасди, қўшиқ айтишни ҳам хоҳламаганман. Кулмаганман, уйдан чиққим келмасди. Зўрға тўйга бориб келиб, яна уйда ётардим. Жуда қийналганман. Лекин 60-70 та ашула ёзиб қўйганман, ўшаларни чиқариб турганмиз. Аллоҳга шукр, бугунга келиб ўзи менинг юзимни ерга қаратмади, дейди хонанда.

Қатардан келган 500 минг долларлик таклиф

Фото: Instagram
Муниса пулнинг ортидан ҳеч қачон қувмаслигини таъкидлаб келади.

Пулнинг орқасидан чопиш керак эмас, пул сизнинг ортингиздан қувсин. Мен умуман пулни биринчи ўринга қўймайман. Агар шундай бўлганида, бир кунда 10-15 та тўйга кирган бўлардим. Ҳозирда 3-4 та тўйга кираман ва уйга кетаман. Шунақа воқеа бўлган: “Эртага Қатарга учиб келсин, 500 минг доллар берамиз”, дейишган. Йўқ, деганман. Боргим келмаган. Агар пулни биринчи ўринга қўйганимда, мен учиб борган бўлардим. Баъзан “Ҳозир Мунисани чақираман, “бирров”ининг пулини уч баравар қилиб берсам, эрталабгача қўшиқ айтади”, деган гапларни ҳам эшитиб қоламан. Мен принцип қилиб, беш баравар пул тўласа ҳам бормайман. Инсон учун пул эмас, орзу ва ишонч муҳим бўлиши керак. Агар инсон орзу қилса ва унга эришишига ишонса, орзуга қандай етиб олганини тушунмай қоласиз, дейди хонанда.

1 млн доллар сарфланган “Йил тўйи”

Фото: Instagram

Фото: Instagram
2023 йил Муниса Ризаева ҳаётида ўчмас из қолдирган йиллардан бири бўлди. Айнан бир йил аввал хонанданинг нафақат ўзи, балки мухлислари томонидан йиллар мобайнида кутилган ҳодиса рўй берди — у оила қурди. Муниса ва Арсенийнинг никоҳ кечаси икки марта нишонланди. Биринчи тўй ҳиндча ўтказилди, кечада нафақат келин-куёв балки меҳмонлар ҳам ҳинд маданиятига монанд кийинган эди.

7 сентябрь куни Муниса Ризаеванинг асосий тўйи ўтказилди. Ушбу тўй санъат оламида “Йил тўйи” сифатида эътироф этилди. Хонанданинг никоҳ кечасида бир неча хорижий давлатлардан ташриф буюрган санъаткорлар билан бир қаторда ўзбек шоу-бизнесининг энг таниқли вакилларини кўриш мумкин эди.

Муниса Ризаеванинг яқин дўсти, вайнер Озод Хуррамов Мунисанинг тўйига бир миллион доллар сарфлангани ҳақида айтиб ўтган.

Фото: Instagram
Муниса Ризаеванинг тўйига бир миллион доллар маблағ сарфланди. Ҳамма харажатларни куёвнинг ўзи қоплади. Муниса Ризаева келин кўйлаги, ҳатто пардоз-андози учун ҳам чўнтагидан пул сарфлагани йўқ. Улар ўн ой аввал танишиб, бир-бирини синашган. Арсенийни катта бизнес билан шуғулланувчи инсонлар жуда яхши танишади. У ўзига тўқ, бадавлат инсон, деган эди Озод.

Узоқ кутилган фарзанд неъмати

Фото: Instagram
Муниса интервьюларида ҳаётидаги энг катта орзуси она бўлиш экани ҳақида жуда кўп гапирарди. Ўтаётган йилда унинг ушбу орзуси амалга ошди. Хонанда май ойида мухлисларига қувончли хабарни — фарзанд кутаётгани ҳақидаги янгиликни етказди. У Instagram саҳифаси орқали ўтказилган қисқа савол-жавоб рукнида эса фарзандининг жинсини ҳам ошкор қилди.

Фарзандингизга қандай исм қўймоқчисиз?”, деган саволга хонанда “Буни фақат фарзандимиз туғилганидан кейингина айта оламиз. Чунки унинг ташқи кўриниши Муҳаммадга ўхшаш бўладими ёки Даниэлга ҳозирча билмаймиз”, дея жавоб берган.

Муниса фарзандини Аргентинада дунёга келтиришга қарор қилди ҳамда ушбу қарорига қуйидагича изоҳ берди:
Биринчидан, Аргентинанинг тиббиёт даражаси дунё бўйича 33-ўринда туради. Иккинчидан, Аргентинанинг катталиги сабаб бу ерда ҳар хил маданиятлар ва ҳар хил об-ҳавони кўриш мумкин. Учинчидан эса, ҳамма билган Месси, Марадона, стейк, фолклор мусиқа, Буэнос Айреснинг ғайритабиий кўча санъати ҳақида билиш менга ҳам қизиқ бўлди. Тўртинчи ва асосий сабаб бу — турмуш ўртоғимнинг хоҳиши бўлди”, дейди Муниса Ризаева.

Фото: Instagram
Ўзбек шоу-бизнесидаги рекламаси энг қиммат хонанда

Муниса Ризаева салкам 7,5 миллион кузатувчиси бўлган Instagram саҳифасидан ҳам мўмайгина пул ишлашини яширмайди. Хусусан, унинг саҳифасига жойланган энг қиммат реклама 120 минг доллар бўлган.
Ҳозирги кунда Instagram’имда жуда катта жамоа ишлайди. Саҳифамни юритиш учун жуда катта маблағ сарфлаймиз. Instagram’им фаоллиги жуда ортиб кетган. Олдин Муниса Ризаевани яхши кўрган бўлишса, ҳозирда Арсений иккаламизни жуфтлик сифатида кузатиш ҳаммага қизиқ бўляпти. Саҳифамда чиқадиган рекламалар жуда қаттиқ танлаб олинади. Stories’имда реклама жойлаш 3500 доллардан 10 минг долларгача. Яқинда биз битта шартнома тузиб, битта постни 120 минг долларга жойлаштириб бердик, деган эди Муниса.

Муниса — қимматбаҳо автомобиллар ишқибози

Фото: Instagram
Муниса Ризаеванинг гаражидан бир нечта қимматбаҳо автомобиллар ўрин эгаллаган. Умуман олганда, Муниса ёшлигиданоқ автомобилларга қизиқади. У интервьюларидан бирида илк ҳайдаган автомобили “Жигули” бўлганини айтиб ўтган.
2023 йилда Gelandewagen автомобилини 420 минг долларга харид қилдик. Ундан кейин турмуш ўртоғим менга яна бир Mercedes совға қилди. Чунки мен у пайтда хизматларга Malibu’да юрардим. Кейинроқ мен ҳомиладор бўлдим ва Филиппиндан энагамиз учиб келди ҳамда турмуш ўртоғим энди фарзандли бўлсак, ҳаммамиз бу автомобилга сиғмаймиз, деб 7 кишилик Lixiang L9 автомобилини олиб бердилар. Энди Urus ёки Rolls-Royce сотиб олмоқчимиз, дейди хонанда.

Муниса фарзандини ноябрь ойининг охирида дунёга келтиришини маълум қилган. Ҳозир у Аргентина пойтахти Буэнос Айресда турмуш ўртоғи ҳамда фарзандининг энагаси билан яшамоқда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Гулнора Каримова туфайли ўзини ўлдирмоқчи бўлган Муниса Ризаева 38 ёшда (фото, видео)