Фото: “Дарё”
Одамзод ўзи билмаган ҳолда жиноятга қўл уриши, адашиши мумкин. Аммо у жиноятни қайта-қайта содир этса, уни ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайди. “Надомат” лойиҳасининг навбатдаги қаҳрамони 36 ёшда, у 19 йилдан буён жазони ижро этиш муассасасида сақланмоқда. Унинг ёшлик йиллари панжара ортида ўтди.
Маҳкум — 37 ёшда. У 17 ёшида қотиллик жиноятини содир этган. 2009 йили афв этилиб, озодликка чиқарилган. Аммо ўша йилнинг ўзидаёқ иккинчи қотилликка қўл урган. 2009 йили 18 йилга озодликдан маҳрум этилган. Қилган жиноятларидан тегишли хулосани чиқармай, 2016 йили манзил колониядан қочиб кетган. 11 ойлик қочқинлик давомида ўзга фуқаронинг 105 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулини ўғирлаган.
— Оилада учта фарзандмиз, онам ёлғиз ўзи бизни тарбиялаб, вояга етказган. Биринчи жиноятимни 17 ёшимда содир этганман. Ўшанда шеригим билан бир болани дўппослаганмиз, афсуски, у олган жароҳати сабаб вафот этган.
Оилада учта ўғилмиз, онам ҳар доим ўқишимиз кераклигини айтган. Аммо феълимдаги уруш-жанжалга мойиллик сабаб кўп муаммоларга кириб қолардим. Мен 13 йилга, жиноий шеригим эса 11 йилга озодликдан маҳрум этилган. У пайтда бор-йўғи 17 ёш бўлганим учун мени афв этишган. 2009 йили озодликка чиқарилганман, аммо ўша йилнинг ўзида бир инсон билан қаттиқ жанжаллашиб, унга теша ёрдамида жиддий жароҳат етказганман. У ҳам вафот этган, жиноятим учун мени 18 йилга озодликдан маҳрум этишган.
2016 йили манзил колониясига чиқарилганман. У ерда пахта теримига олиб чиқишган. Афсуски, калта ўйлаб, у ердан қочиб, 11 ой мобайнида яшириниб юрганман. Қўшни маҳаллада сирена овози эшитилса ҳам, юрагим така-пука бўларди. Қочқинликда яшаш осонмас, пулдан қийналганим учун Тошкент вилояти Келес шаҳарчасидаги уйларнинг бирига ўғирликка тушганман. Хонадон эгаларини аввалдан танимаганман, жиноий шеригим ҳам бўлмаган. Ярим тунда уйга кириб, 105 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулни ўғирлаганман. Яшириниб, 5 минг долларни ўз эҳтиёжим учун ишлатганман. Аммо жиноятни содир этган инсон барибир қўлга тушади, мени қўлга олиб, жазони ижро этиш муассасасига қайтаришган. Қўшимчасига охирги жиноятим учун 169-модда билан яна судландим.
Ўйлаб кўрсам, 17 ёшимдан буён зона ва манзил колониясида умрим ўтади. Ёшлик завқини умуман ҳис қилганим йўқ, шу ёшгача оила қуриб, битта фарзандли ҳам бўлолмадим. Жуда кўп нарсаларни йўқотдим.
Ўлдирган инсонларимни кўп эслайман, улар ҳам ўзимиздек инсонлар эди. Ҳалигача кечаси уйқум йўқ, 2-3 гача кўзим илинмайди. Улар худди ёнимда юргандек туюлаверади, дейди маҳкум.
Манба: Daryo.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар