date
views 206

Монопол маҳсулотлар фақат биржа орқали сотилади — Вазирлар Маҳкамаси янги тартиб жорий қилди

Монопол маҳсулотлар фақат биржа орқали сотилади — Вазирлар Маҳкамаси янги тартиб жорий қилди
Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси томонидан «Замонавий биржа механизмларини жорий этиш орқали нархлар ўзгаришининг олдини олишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор қабул қилинди. Янги қарор 2025 йил 15 июлдан амалга киритилади ва қатор муҳим маҳсулотлар бўйича савдо тартибини тубдан ўзгартиради.

Фақат биржа орқали, фақат бозор тамойили асосида
Қарорга мувофиқ, монопол корхоналар ва давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган компаниялар, шунингдек уларга тегишли тармоқ корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган қуйидаги маҳсулотлар:
  • Хлорид ва нитрат кислоталари;
  • Натрий цианид;
  • Гипохлорит натрий;
  • Суюқ азот, суюқ хлор;
  • Рух белиласи;
  • Ферромолибден, базалт, фосфорит ва доломит уни

енди фақат ички бозорда, Ўзбекистон товар-хомашё биржаси орқали, бозор қоидалари асосида сотилади.

Икки томонлама қарама-қарши аукцион: янгича савдо механизми
Қарор билан бирга, икки томонлама қарама-қарши аукцион асосида савдо ўтказиш тартибини белгилайдиган махсус низом ҳам тасдиқланди.

Бу савдо турида:
  • Сотувчилар ўз товарларини сотиш бўйича таклиф киритади;
  • Харидорлар эса ўша товарлар учун харид таклифини беради;
  • Аукцион — рақобат асосида тўғридан-тўғри ўзаро шартномалар асосида амалга оширилади.

Листинг комиссияси ва талаблар: ҳар қандай маҳсулот киритилмайди
Биржа котировкалаш варағига маҳсулотни қўшиш ва савдога рухсат бериш Биржанинг Листинг комиссияси орқали амалга оширилади. Бунинг учун товар қуйидаги талабларга жавоб бериши шарт:
  • Савдога улгуржи партияларда чиқарилиши;
  • Юқори ликвидли ва сифат кўрсаткичлари барқарор бўлиши;
  • Мунтазам равишда савдога қўйилиши ва сотилиши;
  • Олдиндан кўздан кечириш талаб қилинмаслиги;
  • Маҳсулот мувофиқлиги ҳақидаги расмий ҳужжатлар мавжуд бўлиши.

Нарх шаффофлиги ва рақобатнинг янги босқичи
Бу қарор давлат улушига эга йирик ишлаб чиқарувчиларни бозор механизмларига мослаштиришга қаратилган. Мақсад — нархларда кескин ўзгаришларни бартараф этиш, савдо шаффофлигини таъминлаш ва рақобат муҳитини кучайтириш.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Монопол маҳсулотлар фақат биржа орқали сотилади — Вазирлар Маҳкамаси янги тартиб жорий қилди