
«Дўстлик» чегара-божхона постида навбатдаги ноқонуний хатти-ҳаракатлар фош этилди. Давлат божхона қўмитаси маълумотига кўра, ўзларини оддий йўловчи сифатида кўрсатган 3 нафар фуқаро 9 кг оғирликдаги 3 дона кир ювиш кукунини олиб ўтаётганда тўхтатилди.
Божхоначиларнинг диққати қадоқнинг илгари очилганлигига тушди. Текширув давомида кукун қадоғи ичидаги модда прегабалин экани аниқланди. Бу модда кучли таъсир қилувчи, асаб тизимига жиддий таъсир кўрсатувчи воситадир.
Операция давомида бу товарларни қабул қилиши керак бўлган шахс ҳам Тошкент вилояти Оҳангарон туманида қўлга олинди. Унинг ёнидан яна 27 кг (9 қадоқ) прегабалин моддаси аралашган кукун топилди.
Тезкор тадбирлар натижасида кучли таъсир қилувчи моддаларни қайта ишлаш ва сотиш учун Учтепа туманида яширин нарколаборатория ташкил этиш режалаштирилаётгани аниқланди. Ижарага олинган хонадондан махсус жиҳозлар, хом ашё ва катта миқдорда бўш капсулалар топилди.
Бу билан ҳам иш тўхтамади. Эртаси куни яна бир партия – 20 кг оғирликдаги кир ювиш кукуни қадоқлари ичига жойланган кучли таъсир қилувчи моддалар ҳам тўхтатилди.
Умумий ҳисобда, ушбу операция натижасида 56 кг кучли таъсир қилувчи модда қўлга тушди. Шундан 45 кг соф прегабалин бўлиб чиқди. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, бу миқдордаги прегабалинни 1,5 миллионга яқин капсулага тақсимлаш мумкин бўлган.
Мазкур моддаларнинг қора бозордаги умумий баҳоси 40 миллиард сўмдан ортиқ экани айтилмоқда. Ҳозирги пайтда ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатилиб, тергов ишлари бошланган. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар