
Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида йиллар давомида қаровсиз қолган ва харобага айланган ҳудуд замонавий экологик жамоатчилик паркига айлантирилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Экология вазирлиги томонидан маълум қилинди.
Қайд этилишича, мазкур ҳудуд 2020 йилгача тўлиқ ташландиқ ҳолатда бўлиб, бу ерда ҳеч қандай ободонлаштириш ишлари олиб борилмаган. Бугунги кунда эса бу майдонда 1200 тупдан ортиқ турли дарахт ҳамда 23 мингдан зиёд бута экилиб, 7,5 гектарлик замонавий ва экологик парк ташкил этилаётгани маълум қилинди.
Экспертларнинг таъкидлашича, мазкур парк пойтахтдаги биринчи жамоатчилик яшил боғи бўлиб, шаҳарнинг шовқин-суронидан узоқ ва атроф-муҳитга мос экотизимни шакллантиради. Парк ҳудудида кўркам атиргул боғи барпо этилади, шунингдек, табиий кўл ҳосил қилиниб, турли хил қушлар учун инлар қурилади.
Ҳудуддаги барча йўлаклар табиий тошлар билан ётқизилади, ўриндиқлар эса қуриган дарахтлардан ясалади. Шундай қилиб, бу ердаги объектларнинг барчаси табиий материаллар асосида қурилади. Бундан ташқари, паркка бутун йил давомида навбати билан гуллайдиган ўсимликлар экилади ва натижада, ҳудуд ҳар мавсумда ўзининг бетакрор гўзаллигини сақлаб туради.
Маълум қилинишича, боғ ҳудудига кириш мутлақо бепул бўлади. Парк атрофидаги экологик тозаликни сақлаш учун ҳудуд ичида чиқинди ташлаш қатъиян ман қилинади. Фақат паркнинг кириш ва чиқиш қисмларида чиқинди қутилари ўрнатилади.
Экологларнинг қайд этишича, парк Европанинг, шунингдек Япониянинг илғор тажрибасига асосланган ҳолда қурилмоқда. Бу ерда фақат маҳаллий иқлимга мослашган дарахт турлари экилади.
Айни пайтда ушбу жамоатчилик боғи қачон ишга туширилиши ҳақида аниқ маълумот тақдим қилинмаган. Бироқ ҳозирнинг ўзидаёқ ушбу маскан Тошкент аҳли ва шаҳар меҳмонларида катта қизиқиш уйғотмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар