date
views 3 070

Бухорода ҳоким видеоси бўйича расмий раддия: “Бузиш буйруғи”нинг асли ва мақсади нимада?

Бухорода ҳоким видеоси бўйича расмий раддия: “Бузиш буйруғи”нинг асли ва мақсади нимада?
Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда тарқалган видео муҳокамалар марказига айланди: унда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов гуруҳ амалдорлар ҳузурида қандайдир бинони ҳатто “ичидаги одами билан кўмиб ташлаш”ни буюргани акс этган эди. Бу воқеа жамоатчилик орасида катта шов-шувга сабаб бўлди, шу боис вилоят ҳокимлиги расмий баёнот билан чиқди.

Ҳокимлик маълумотига кўра, ушбу видео 2024 йил 22 май куни Бухоро шаҳридаги 2-сонли давлат мактабгача таълим муассасасида ўтказилган ишчи гуруҳ йиғилишида тасвирга олинган. Ботир Зарипов ушбу боғчадаги қурилиш ва таъмирлаш ишларининг боришини шахсан ўрганган. Маълум бўлишича, 140 ўринга мўлжалланган муассаса 1961 йилда қурилган ва ҳозирда жуда аҳволи оғирлашган. Маҳаллий бюджетдан зарур маблағлар ажратилиб, тубдан таъмирлаш бошланган.

Текширув давомида ҳоким боғча ҳудудида ободонлаштириш ишларининг секин бориши, хавфсизлик талабларининг етарли даражада таъминланмагани, боғчага туташ ҳудудда ноқонуний, рухсатсиз қурилган кириш-чиқиш йўлаги мавжудлиги ва юқори кучланишли трансформатор атрофи етарли даражада панжара билан ўралмаганини танқид қилди. Бундай ҳолатда давлат муассасаларидаги хавфсизлик – биринчи даражали вазифа, деб таъкидлади ҳоким.

Ҳокимлик раддиясида айтилишича, видеолавҳада тилга олинган “бузиб ташла” буйруғи айнан шу ноқонуний йўлакни бартараф этиш мақсадида берилган. “Боғча ҳудудида қонуний рухсатларсиз қурилган йўлак нафақат қонунийликни бузади, балки тарбияланувчи болалар ва ходимлар хавфсизлигига ҳам жиддий таҳдид солади”, — дейилади баёнотда.

Расмий маълумотга кўра, ҳокимнинг мақсади – 140 нафар бола хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ва мактабгача таълим муассасасининг дахлсизлигини таъминлаш бўлган. Шу боис, масъулларга қурилишни тезлаштириш ва хавфсизлик чораларини кучайтириш ҳақида аниқ топшириқлар берилган.

Бухоро вилояти ҳокимлиги айрим раҳбарларнинг масъулиятини ошириш ва ишда жиддий ёндашишни талаб қилиш мақсадида ҳоким томонидан ҳиссиётли гаплар ишлатилганини тасдиқлайди. Аммо, “ичидаги одами билан кўмиб ташлаш” каби қаттиқ ифода айнан қонунсиз қурилган, хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган йўлак ҳақида айтилган, дейилади расмий раддияда.

Шунингдек, ҳокимлик хусусий боғчаларни бузиш тўғрисида топшириқ берилгани ҳақидаги хабарларни рад этди. Фақат ноқонуний қурилган йўлак бузилган ва бу жараён қонун доирасида амалга оширилган.

Мазкур ҳолатда вилоят ҳокимининг қаттиқ баёноти айрим раҳбарларнинг масъулиятини оширишга қаратилган бўлиб, асосий мақсад болалар хавфсизлигини таъминлаш, муассаса ҳудудини қонуний ва тартибли сақлаш бўлган. Шунингдек, вилоят ҳокими бошқа шаҳар-туманлардаги мактабгача таълим муассасаларида ҳам бу каби ҳолатларни ўрганиш ва бартараф этиш бўйича масъулларга топшириқ берган. Шу мақсадда Бухоро шаҳар ҳокимининг ўринбосарига интизомий чора қўлланилган.

Ҳокимлик таъкидлашича, “вилоятда қонун устуворлиги таъминланади, биронта ноқонуний бузилиш қилинмайди”. Мазкур видеолавҳа ортидан юзага келган турли баҳс ва талқинларга нуқта қўйиш учун айнан расмий раддия эълон қилинди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Бухорода ҳоким видеоси бўйича расмий раддия: “Бузиш буйруғи”нинг асли ва мақсади нимада?