date

Талаба бўлиб ота бўлганлар учун бюджетда ўқиш имконияти

Талаба бўлиб ота бўлганлар учун бюджетда ўқиш имконияти
Россияда талабалик даврида ота бўлган ёшлар учун янги имкониятлар пайдо бўлиши мумкин. Россия Либерал-демократик партияси раҳбари Леонид Слуский Таълим ва фан вазирлигига мурожаат қилиб, ўрта касб-ҳунар ёки олий таълим муассасаларида ўқиётган ҳамда талабалик пайтида ота бўлган ёшларга контрактдан бюджетга ўтиш ҳуқуқини беришни таклиф қилди.

Слуский ўз мурожаатида “ЛДПР нафақат ўқиш вақтида фарзанд кўрган аёлларга, балки ота бўлган талабаларга ҳам ушбу имтиёзни беришни таклиф қилмоқда. Бу талабалар олий ёки ўрта махсус таълимни пуллик эмас, давлат гранти асосида олиш имконига эга бўлишлари керак”, — деб таъкидлади.

Россия Таълим ва фан вазирлиги раҳбари Валерий Фалковга юборилган мурожаатда ушбу ташаббус ижобий кўриб чиқилса, минглаб талабалар учун катта енгиллик яратилиши, ёш ота-оналарга ижтимоий ёрдам кўрсатилиши ва таълимда тенглик кафолатланиши айтилган.

Аввал Россияда фақат ўқиш вақтида фарзанд кўрган аёлларга контрактдан бюджетга ўтиш ҳуқуқи берилар эди. Янги таклиф қабул қилинса, талабалик пайтида ота бўлган йигитлар ҳам ушбу имкониятдан фойдаланишлари мумкин бўлади.

Ташаббус аҳамияти шундаки, талабаликда фарзандли бўлган ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг молиявий юкини енгиллаштириш ва таълим имкониятларини кенгайтириш орқали ижтимоий барқарорликка эришилади. Масала юзасидан якуний қарорни Россия ҳукумат органлари қабул қилади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Талаба бўлиб ота бўлганлар учун бюджетда ўқиш имконияти