date

TBC Bank OLX Uzbekistan’ни сотиб олиб, рақамли банк хизматларини жорий этади

TBC Bank OLX Uzbekistan’ни сотиб олиб, рақамли банк хизматларини жорий этади

Ўзбекистонда бизнес ва рақамли технологиялар соҳасида катта воқеа содир бўлди. TBC Bank OLX Uzbekistan акцияларининг назорат пакетини қўлга киритди ва энди онлайн эълонлар платформаси банк экотизимига интеграция қилиниши кутилмоқда. Шу билан бирга, OLX бренди ўз номи билан фаолият юритишда давом этади.

Маълумотларга кўра, сотувчи томон — Prosus таркибига кирувчи OLX Group ҳисобланади. Компания изоҳида таъкидланишича, мазкур келишув TBC Uzbekistan учун янги мижоз сегментларига чиқиш имконини беради. Бу эса мамлакатда энг кўп ташриф буюриладиган сайтлардан бири — OLX uz орқали амалга оширилади. Айни пайтда платформа ойига тахминан 5,4 миллион фаол фойдаланувчи ва 2,2 миллион долзарб эълонларга эга.

Компания маълумотида қайд этилганидек: “Бу битим Ўзбекистоннинг жадал ривожланаётган технологик соҳаси учун муҳим қадам бўлиб, сўнгги 30 йил ичидаги энг йирик қўшилиш ва сотиб олиш жараёнлари қаторида эътироф этилади”.

OLX Uzbekistan’ни сотиб олиш учун TBC Bank Group Titan Investments билан қўшма корхона тузди. Titan Investments — институционал инвесторлар, оилавий сармояларни бошқариш компаниялари ҳамда Яқин Шарқ суверен фондлари билан ҳамкорлик қиладиган йирик халқаро инвестиция холдинги ҳисобланади.

Келишувга кўра, қўшма корхона OLX Uzbekistan акцияларининг 100 фоизини сотиб олади. Шунингдек, TBC Bank Group 50% + 1 акцияни назорат қилади, қолган улуш эса Titan Investments ихтиёрида бўлади. Шартнома керакли тартибга солиш органларидан рухсат олингандан сўнг расмий якунланиши кутилмоқда.

TBC Uzbekistan келгусида ўзининг рақамли банк маҳсулотларини OLX Uzbekistan платформасига интеграция қилишни режалаштирмоқда. Бироқ платформа ўз брендини сақлаб қолади ва одатдагидек ишини давом эттиради.

TBC Uzbekistan бош директори Ника Курдиани изоҳида, онлайн эълонлар платформасини сотиб олиш компаниянинг кенгайиш ва диверсификация стратегиясида мантиқий қадам эканлигини таъкидлади.

Унинг фикрича, бу қадам банкка янги мижозларни жалб қилиш, қўшимча сегментларга кириш ва умумий аудитория эътиборини янада ошириш имконини беради.

Шу тариқа, TBC Bank’нинг мазкур йирик инвестицияси нафақат молиявий хизматлар бозорида, балки рақамли технологиялар соҳасида ҳам катта янгилик сифатида қайд этилмоқда. Муттахассислар бу жараён мамлакат иқтисодиёти ва рақамли инфратузилмасини янги босқичга олиб чиқиши мумкинлигини таъкидлашмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » TBC Bank OLX Uzbekistan’ни сотиб олиб, рақамли банк хизматларини жорий этади