date

Наманганда шаҳар ҳокими коррупция айблови билан ушланди

Наманганда шаҳар ҳокими коррупция айблови билан ушланди

Наманган шаҳрида катта сиёсий ва ҳуқуқий шов-шувга сабаб бўлган воқеа рўй берди. Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) маълумотига кўра, шаҳар ҳокими ва маҳаллий поябзал ишлаб чиқариш корхонаси раҳбари коррупцияга оид жиноятда гумон қилиниб, уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Тергов маълумотларига кўра, ҳоким ва МЧЖ раҳбари ўзаро тил бириктириб, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқчи бўлган фуқародан 60 минг АҚШ доллари талаб қилишган. Улар фуқарога шаҳар марказидаги 35 сотих ер майдонида жойлашган эски турар-жой биноларини бузиб, ўрнига кўп қаватли уй қуриш ҳуқуқини олиб бериш ва молиялаштиришни ваъда қилишган.

ДХХ томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида дастлаб мазкур МЧЖ раҳбари қўлга олинди. У талаб қилинган пул маблағини қабул қилиб олган пайтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Шундан сўнг, тадбирнинг кейинги босқичида шаҳар ҳокими ҳам фош этилди. У ўзининг ишончли шахси — ҳокимлик девонхона мудири орқали МЧЖ раҳбаридан 60 минг долларни қабул қилиб олмоқчи бўлган вақтда унинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди.

Ҳозирги пайтда шаҳар ҳокими депутатлик дахлсизлигидан маҳрум қилинган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми “а” бандига мувофиқ айблов қўйилди. Шунингдек, девонхона мудирига ва МЧЖ раҳбарига нисбатан ҳам тегишли моддалар асосида жиноят иши очилди.

Расмий маълумотларда қайд этилишича, шаҳар ҳокимига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Айни пайтда тергов жараёни давом этмоқда ва ҳокимнинг бошқа ноқонуний ҳаракатларига ҳам ҳуқуқий баҳо берилади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Наманганда шаҳар ҳокими коррупция айблови билан ушланди