Бухоро шаҳрида фожиавий воқеа юз берди: 4 сентябрь куни соат 12:02да Бухоро вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан, маҳаллий ИИБ “102” қисқа рақамига маълумот берилган. Хабарга кўра, Бухоро тумани “Боғидашт” қишлоғи ҳудудидан ўтувчи марказий канализация қувурига, янги қурилаётган кўп қаватли уйларнинг канализация тизимини ушбу асосий қувурга улаётган 5 нафар ишчи эҳтиёткорлик қила олмагани оқибатида қувурга тушиб кетган.
Текширув жараёнида маълум бўлишича, “Файз бинокор Олтиариқ” МЧЖнинг жами 5 нафар ходими мазкур ҳудудда канализацияни таъмирлаш ишларини амалга оширган. Улар “Ўрта Осиё қурилиш” МЧЖга қарашли Камаз русумли, давлат рақам белгиси 80 411 JBA бўлган кран орқали ҳажми 1000 мм ва чуқурлиги 8 метр бўлган марказий қувурга янги қазилган канализацияни бирлаштириш учун ички томондан туйнук очишга ҳаракат қилишган. Бунга қадар Бухоро вилояти Сув ва оқава таъминоти бўйича инжинеринг компаниясининг рухсатисиз қопқоқ олиб қўйилган ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари бузилган. Бу эса кучли оқим туфайли ишчиларнинг канализацияда оқиб кетишига олиб келган.
Ҳодиса содир бўлган жойда олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида, Бухоро тумани Зарманоқ МФЙ ҳудудидан ўтувчи оқова сувларни узтагич пунктидаги қувурлардан 3 нафар фуқароларнинг жасадлари топилди. Қолган 2 нафар ишчиларни излаш ва қутқариш чоралари давом эттирилмоқда.
Бухоро вилояти ИИБ ТБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 257-моддаси 2-қисми “а” банди (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, ҳодиса сабаблари ва масъулиятли шахслар аниқланмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!