Ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳридаги машҳур “Булварь” майдонидаги чинор дарахтлари кесилгани ва мутасадди ташкилотлар бу воқеага бефарқ қараётгани ҳақида турли хабарлар тарқалди, деб хабар берилди.
Бироқ Самарқанд вилояти Экология бошқармаси бу масала бўйича 2 сентябрь куни расмий маълумот берди. Маълумотларга кўра, яроқсиз ҳолга келган ва атрофдагилар учун хавф туғдириши мумкин бўлган чинор дарахтлари кесилиши олдиндан режалаштирилган ва тегишли қонунчилик асосида амалга оширилган.
Хабарда таъкидланишича, “Самарқанд вилояти Экология бошқармаси, вилоят Фавқулотда вазиятлар бошқармаси ҳамда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси ходимлари иштирокида тузилган махсус ишчи гуруҳ томонидан Самарқанд шаҳар Университет хиёбони Оқсарой кўчасидан “Гўри Амир” мақбарасига қараб кириш йўлининг ўнг томонида экилган чинор дарахтларининг ҳолати ўрганилди. Текшириш жараёнида уч туп чинор дарахти кўп йиллар давомида тургани сабабли ташқи таъсирлар оқибатида ўзининг мустаҳкамлик хусусиятини йўқотгани, танасида ғоваклар пайдо бўлгани ва йўл томонга 40 даражага оғиб қолиши аниқланди. Бу эса инсонлар ҳаёти учун хавф даражасини юқорига кўтаргани маълум қилинди”.
Шунингдек, масъуллар қайдича, дарахтларни кесиш амали эҳтиёткорлик билан ва атроф муҳитни ҳимоя қилишни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилган. Мазкур чоралар шаҳар аҳолиси ва сайёҳлар учун хавфсизликни таъминлаш, йўлларнинг эркин ва барқарор ҳолда сақланиши мақсадида амалга оширилган.
Экология бошқармаси вакиллари аҳоли ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига шундай вазиятларда хабарли бўлиш ва эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш лозимлигини таъкидлаб, атроф муҳит ва дарахтларга ҳурмат билан қарашни сўрамоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!