date

Сурхондарёда “лайк” туфайли фуқарога қамоқ жазоси берилди

Сурхондарёда “лайк” туфайли фуқарога қамоқ жазоси берилди

Сурхондарё вилоятида яшовчи фуқаро 6 йил аввал ижтимоий тармоқда тақиқланган материалга “класс” (лайк) босгани учун 3 йилга озодликдан маҳрум қилинди, деб вилоят судлари расмий канали хабар берди.

Маълум қилинишича, У.А. исмли шахс 2019-йилда “Odnoklassniki.ru” сайтида Абдуғони Умаров (Абдуллоҳ домла) томонидан жойлаштирилган “Жаннатга ошиқлар” номли маърузани “лайк”лаш орқали уни виртуал дўстлари орасида тарқатган. Бу материал диний ақидапарастлик ғоялари учун тақиқланганлар рўйхатида экани таъкидланган.

Суд томонидан У.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 244-1-моддаси 3-қисми “г” банди бўйича айблов қўйилди. Яъни у жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи материални интернет орқали тарқатишда айбдор деб топилди.

Қумқўрғон туман суди 2025-йил 1-июлда чиқарган ҳукмга кўра, У.А. Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланилиб, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. У жазони умумий тартибдаги колонияда ўтайди.

Суд баёнотида таъкидланишича, содир этилган жиноят оғир тоифага киради. Бироқ, енгиллаштирувчи ҳолатлар инобатга олиниб, моддада кўзда тутилгандан анча кам муддат тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Олий суди экстремистик ва ақидапарастлик ғояларини ўз ичига олган материаллар рўйхатини янгилаб, уларни тарқатиш, сақлаш ва намойиш этиш тақиқланганини билдирган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Сурхондарёда “лайк” туфайли фуқарога қамоқ жазоси берилди