Тошкент халқаро аэропортида тезкор тадбир ўтказилиб, ноқонуний товарларни йиғиб олишга уринган шахс тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда “Toshkent-Aero” ИБКнинг Контрабандага қарши курашиш шуъбаси хабар берди.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистон фуқароси “Дубай–Тошкент” йўналиши бўйича учиб келган йўловчиларга тегишли бўлган қимматбаҳо буюмларни аэропорт ҳудудида йиғиб, ташиб чиқишга уринган.
Унинг қўлидан умумий қиймати тахминан 250 миллион сўмга тенг бўлган 27 граммлик заргарлик буюмлари, 6 дона “iPhone 16 Pro Max” телефонлари, 4 дона чангуютгич ва 347 дона флеш-хотира маҳсулотлари топилди.
Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Текширувлар натижасига кўра, шахснинг қилмишига ҳуқуқий баҳо берилади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!