Тошкентда Бўзсув каналига ўзини ташлаган қизни инспекторлар қутқариб қолди

Тошкентда Бўзсув каналига ўзини ташлаган қизни инспекторлар қутқариб қолди

Тошкент шаҳридаги Бўзсув каналига ўзини ташлаган қиз профилактика инспекторлари томонидан қутқариб қолинди. Ушбу жараёнда воқеа гувоҳи бўлган фуқаро ҳам ёрдам берган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси маълумотига кўра, воқеа каналнинг аҳоли сайр қилиши ва ҳордиқ чиқариши учун мўлжалланмаган ёпиқ қисмида содир бўлган. Ҳудуддан ўтиб кетаётган фуқаро канал бўйида турган қизни кўрган. Бироздан сўнг у сувга сакраган. Буни кўрган фуқаро қутқарув воситасини олиб келиб, «102» хизматига қўнғироқ қилган.

Хабар келиб тушгач, профилактика инспекторлари воқеа жойига етиб борган. Улар кучли оқим ва айланма ҳаракатлар мавжуд бўлган ҳудудни текшириш давомида қизни каналнинг чекка қисмида топган.

Инспекторлардан бири сувга тушиб, қизни қутқаришга киришган, иккинчи ходим эса уни сувдан чиқаришга ёрдам берган. Қиз кўп миқдорда сув ютиб юборгани сабабли унга воқеа жойида биринчи ёрдам кўрсатилган ва 5-сонли шаҳар шифохонасига олиб борилган.

Шифохонадаги тиббий ёрдамдан кейин қизнинг аҳволи барқарорлашган. Унинг шахси аниқланиб, Янгийўл туманида яшовчи ота-онасига хабар берилган. Кейинчалик қиз ота-онасига топширилган.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар