Тошкентда 16 ёшли ўсмир Бўзсув каналида чўкиб кетди

Тошкентда 16 ёшли ўсмир Бўзсув каналида чўкиб кетди

Тошкент шаҳрида яна бир аянчли ҳодиса қайд этилди. Юнусобод туманида чўмилиш учун Бўзсув каналига тушган 16 ёшли ўсмир сувда ҳалок бўлди. Бу ҳақда пойтахт Фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси маълум қилди.

Маълумотларга кўра, 21 июль куни соат 14:07 атрофида Тошкент шаҳар ФВББга Юнусобод тумани, Юқори Бўзсув кўчаси ҳудудидан оқиб ўтувчи каналда бир нафар фуқаро сувга тушиб, эҳтиётсизлик оқибатида чўкиб кетгани ҳақида хабар келиб тушган.

Хабар ортидан воқеа жойига Махсус-қутқарув отрядининг ғаввос-қутқарувчилари ҳамда бошқа масъул хизматлар зудлик билан етиб борди. Қутқарувчилар сувда қарийб тўрт соат давомида қидирув ишларини олиб борди.

Олиб борилган қидирув тадбирлари натижасида ўсмирнинг жасади соат 18:35 да, у сувга тушган жойдан тахминан 100 метр узоқликда топилди ва тегишли хизматларга топширилди.

Айни кунларда мамлакатда кузатилаётган жазирама иссиқ туфайли кўплаб фуқаролар салқинлашиш мақсадида канал ва сув ҳавзаларига йўл олмоқда. Бироқ мутахассислар бундай жойларда чўмилиш ҳаёт учун жиддий хавф туғдиришини яна бир бор эслатмоқда.

Шунингдек, жамоатчилик ва шаҳар фаоллари Тошкентда аҳоли учун бепул ва хавфсиз сузиш ҳудудларининг етарли эмаслиги ҳам шундай кўнгилсиз ҳодисаларнинг кўпайишига таъсир қилаётганини таъкидламоқда.

Фавқулодда вазиятлар хизмати фуқароларни фақат махсус жиҳозланган ва рухсат этилган сув ҳавзаларида чўмилишга, айниқса вояга етмаганларни назоратсиз сув бўйига юбормасликка чақирди.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар