date

Зиёлилар меҳнатининг муносиб эътирофи

Зиёлилар меҳнатининг муносиб эътирофи

Дилноза Маҳмудова, Наманган давлат университети математика кафедраси катта ўқитувчиси

Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан юртимизда таълим соҳасида фаолият олиб бораётган барча устоз ва мураббийлар ҳамда соҳанинг жонкуяр ходимларини табрикладилар. Мазкур байрам табригини том маънода юртимиздаги зиёлиларнинг машаққатли меҳнатига бўлган юксак эътироф ва ҳурмат деб қабул қилдик.

Мазкур байрам табригида юртимизда сўнгги йилларда таълим соҳасида амалга оширилган кенг қамровли ислоҳотлар ва унинг самарадорлиги таъкидланди. Айниқса, олий таълим соҳасида ўтказилган ислоҳотлар ва чора-тадбирлар натижасида эришилган ижобий ўзгаришлар алоҳида қайд этилди.

Бугунги кунда юртимизда олий таълим тизимини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш масаласига устувор аҳамият қаратилмоқда. Буни амалга оширилган туб ислоҳотлар натижасида ўтган саккиз йил ичида олийгоҳларнинг сони 77 тадан 202 тага, талабалар сони эса 250 мингдан 1,5 миллионга етганлиги ҳам яққол тасдиқлаб турибди. Шунингдек, айни пайтда ёшлар учун олийгоҳларга киришда танлов имконияти кўпайтирилди. Бу эса ёшларни олий таълимга қамровини оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

Яна бир муҳим жиҳат. Сўнгги йилларда олий таълим муассасаларида фаолият олиб бораётган профессор-ўқитувчиларнинг ойлик маошлари сезиларли даражада оширилди. Бу эса таълим муассасаларида ўқитувчининг машаққатли меҳнатини қадри юксалиб бораётганлигидан далолат. Натижада ҳозирги кунда мамлакатимизда илм-фаннинг муайян соҳаларида тадқиқотлар олиб бориб, аниқ натижага эришаётган олимларнинг асосий қисмини профессор-ўқитувчилар ташкил этаётгани диққатга сазовор.

Ушбу байрам табригида таълим соҳаси ходимларининг меҳнат ва яшаш шароитини яхшилаш ислоҳотларнинг энг устувор йўналиши бўлиб қолиши алоҳида таъкидланди. Жумладан, янги йилдан бошлаб камида 15 йил стажга эга бўлган олий тоифали педагогларга ипотека кредити бошланғич бадалининг 25 фоизи қоплаб берилиши, келгуси ўқув йилида давлат олийгоҳларига ўқишга кирган педагоглар фарзандларининг контракт суммасига 30 фоиз чегирма жорий этилиши мўлжаллангани, ўқитувчиларнинг замонавий компьютер техникаларини харид қилишлари учун 10 миллион сўмгача имтиёзли кредит ажратилиши барча зиёлиларни қувонтирди.

Албатта, бундай эътибор ва эътироф барча таълим соҳаси вакилларини руҳлантириш билан бирга ўзига хос масъулият ҳам юклайди. Биз педагоглар эса Президентимизнинг ушбу юксак ишончларини ўз меҳнатимиз ва фидоийлигимиз билан оқлаш учун бор куч-ғайратимизни сарфлашга тайёрмиз.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Зиёлилар меҳнатининг муносиб эътирофи