Андижон вилоятида табиий ҳолат юз берди — маҳаллий каналда сув сатҳининг кескин ошиши натижасида аҳоли уйларига сув кириб борди, деб хабар берди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.
Маълумотларга кўра, ҳодиса 11-октябрь куни соат 07:58 атрофида Андижон тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи маҳаллий каналда содир бўлган. Сув ҳажми ортиб кетиши натижасида дамба ва қирғоқ қисмларидан сув тошиб чиққан. Натижада бир нечта хонадонлар томорқалари ва ҳовли қисмларига сув кириб борган.
Ҳодиса жойига фавқулодда хизмат ходимлари, Ирригация тармоқлари бошқармаси ҳамда маҳаллий ҳокимлик вакиллари етиб борган. Улар тезкор тарзда сув оқимини тўхтатиш чораларини кўрган. Маълум қилинишича, ҳозирги вақтда каналга сув ташлаш вақтинча тўхтатилган ва дамба билан қирғоқни тиклаш бўйича муҳандислик техникалари жалб этилган.
ФВВ маълумотига кўра, ҳодиса оқибатида жабрланганлар ва тан жароҳати олганлар ҳақида хабар келиб тушмаган. Аммо сув тошиши ортидан айрим уйлар ва ҳовлилардаги хўжалик жойларига моддий зарар етган бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.
Ҳозирда махсус комиссия ҳодиса сабабларини ва оқибатда етказилган зарар миқдорини ўрганмоқда. Экспертлар дастлабки хулосада каналда сувнинг ортиши ёмғир сувлари ёки ирригация тизимидаги носозлик билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини билдиришмоқда.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги аҳолини эҳтиёткорликка чақириб, дамбалар ёки канал қирғоқларига яқин ҳудудларда эҳтиёткор бўлишни тавсия этди. Шу билан бирга, мутахассислар табиий сув иншоотларини доимий равишда кузатиб бориш ва вақтида таъмирлаш зарурлигини таъкидлашмоқда.
Ҳозирда Андижон туманида бартараф этиш ишлари давом этмоқда, сув тошиши назорат остида экани маълум қилинди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!