Яшнободда бетон плита босиб қолган 25 ёшли ишчи вафот этди

Тошкент шаҳридаги қурилиш объектларидан бирида содир бўлган бахтсиз ҳодиса яна меҳнат хавфсизлиги масаласини кун тартибига олиб чиқди. Яшнобод туманида бетон плита босиб қолиши оқибатида 25 ёшли ишчи ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Миллар” дастури орқали маълум қилинди.
Маълум қилинишича, фожиали ҳодиса Яшнобод туманидаги Олмос маҳалласи ҳудудида жойлашган қурилиш майдонида содир бўлган. Вафот этган йигит Сурхондарё вилоятида туғилган бўлиб, қурилиш ишларида меҳнат қилиб келган.
Гувоҳларнинг айтишича, воқеа иш жараёни давомида юз берган. Кучли гурсиллаган овозни эшитган атрофдагилар дарҳол ёрдамга шошилган. Бироқ бетон плита оғирлиги туфайли уни мустақил равишда кўтаришнинг имкони бўлмаган.
“Гурсиллаган овозни эшитдик. Дарров биринчи ёрдам кўрсатиш учун югурдик. Қўлимиздан келмагани учун Фавқулодда вазиятлар хизматига хабар бердик. Тез ёрдам ва қутқарувчилар келиб, кран ёрдамида плитани кўтаришди”, — дейди воқеа гувоҳларидан бири.
Яшнобод тумани Тез тиббий ёрдам бўлими раҳбари Санжар Қодировнинг маълум қилишича, 3 июль куни қурилиш объектидан чақириқ келиб тушган ва тиббий бригада зудлик билан ҳодиса жойига етиб борган.
Унинг сўзларига кўра, манзилга етиб келинганида эркак кишини бетон плита босиб қолгани, олган оғир тан жароҳатлари оқибатида эса у воқеа жойининг ўзидаёқ ҳаётдан кўз юмгани аниқланган.
Айни пайтда мазкур бахтсиз ҳодиса юзасидан тегишли идоралар томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Қурилиш майдони вақтинча ўраб қўйилган бўлиб, воқеанинг келиб чиқиш сабаблари ва меҳнат хавфсизлиги талабларига қай даражада риоя қилингани ўрганилмоқда.






























Изоҳлар 0
…