
Ўзбекистонда Ҳаво ҳавзасининг ифлосланиш даражасини пасайтириш йўлида саноат корхоналарига 2025 йил 1 декабргача заҳарли чиқиндилар ҳажмини камида икки баробарга қисқартириш масъулияти юклатилди. Агар бу талаблар бажарилмаса, улар учун тўланадиган товон суммалари кескин кўтарилади.
Қатъий муддатлар ва ҳуқуқий асос
Расмий маълумотларга кўра, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш борасидаги чора-тадбирлар Президентнинг 2023 йил 31 майдаги фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 25 ноябрдаги қарори асосида янада кучайтирилган.
Унга мувофиқ, табиатга юқори даражада салбий таъсир кўрсатувчи саноат корхоналари қуйидаги аниқ муддатларда экологик талабларга тўлиқ жавоб бериши шарт:
I тоифага кирувчи корхоналар – 2026 йил 1 январгача;
II тоифа корхоналар – 2026 йил 1 июлгача.
5 баробаргача оширилган жарималар
Белгиланган муддатларга қадар, корхоналар бир қатор муҳим техник талабларни бажариши лозим:
Автоматик атмосфера кузатув станцияларини жойлаштириб, уларни Экология ва иқлим ўзгариши мутасадди идораларига интеграция қилиши;
Юқори самарадорликка эга чанг-газ ва сув тозалаш ускуналарини ўрнатиш ёки мавжудларини замонавийлаштириши;
Санитар ҳимоя зоналарини автоматик кузатув постлари билан тўлиқ таъминлаши талаб этилади.
Қайд этилишича, агар ушбу мажбуриятлар ижро этилмаса, атроф-муҳитни ифлослантирганлик учун компенсация тўловлари беш баробаргача кўпайтирилган миқдорда қўлланилиши белгиланди.
Мутасадди идоралар бу кескин чоралар шаҳар ва саноат ҳудудларида ҳаво сифатининг яхшиланиши, аҳоли саломатлигига зарарли оқибатларни пасайтириш ҳамда корхоналарнинг атроф-муҳит олдидаги масъулиятини юксалтиришга қаратилганини маълум қилишмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.