Гулистонда автомойкада ёнғин чиқиб, Cobalt ҳам ёниб кетди

Кеча, 15 июль куни Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида жойлашган автомашина ювиш шохобчасида ёнғин содир бўлди. Ҳодиса оқибатида автомойка биносининг бир қисми ҳамда у ерда турган Cobalt русумли енгил автомобиль тўлиқ ёниб кетди. Бу ҳақда Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълум қилди.
Қайд этилишича, ёнғин ҳақидаги хабар ФВБга соат 18:31 да келиб тушган. Ҳодиса Гулистон шаҳридаги “Обод юрт” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган автомашина ювиш шохобчасида содир бўлган. Ёнғин натижасида шохобчанинг тахминан 80 квадрат метр майдондаги том ва шифт қисми, шунингдек, Cobalt русумли автомашина тўлиқ ёнган.
Фавқулодда вазиятлар хизмати ходимлари воқеа жойига зудлик билан етиб бориб, тезкор чора-тадбирларни амалга оширган. Натижада ёнғин соат 19:02 да тўлиқ бартараф этилган.
Маълум қилинишича, ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ёки куйганлар йўқ. Шунингдек, қутқарувчиларнинг тезкор ҳаракати туфайли автомашина ювиш шохобчасининг тахминан 220 квадрат метр қисми ҳамда унга яқин жойлашган 80 квадрат метрлик овқатланиш кафеси ёнғиндан сақлаб қолинган.






























Изоҳлар 0
…