Италиядаги 15 та ресторанда оилалар учун телефонсиз овқатланиш лойиҳаси бошланади

Италиядаги 15 та ресторанда оилалар учун телефонсиз овқатланиш лойиҳаси бошланади

Италиянинг Сардиния оролидаги 15 та ресторан оилаларни овқатланиш вақтида телефон ва бошқа электрон қурилмалардан фойдаланмасликка ундайдиган тажриба лойиҳасида иштирок этади. Бу ҳақда The Guardian хабар берди.

«Экранларсиз дастурхон» («A tavola senza schermi») деб номланган лойиҳа бир ой давом этади. Унинг асосий мақсади ота-оналар ва болаларни овқатланиш пайтида телефонларга чалғимасдан, ўзаро суҳбатлашишга ундашдир.

Лойиҳа доирасида телефонларини четга қўйган оилаларга махсус тўплам тақдим этилади. Унда болалар билан биргаликда шуғулланиш учун ўйинлар, расм чизиш материаллари ҳамда ота-оналарга рақамли қурилмалардан фойдаланиш бўйича тавсиялар берилган маълумотнома бўлади.

Ташаббус Сардиниянинг болалар ва ўсмирлар ҳуқуқлари бўйича вакили Анна Кау ҳамда Fipe-Confcommercio ташкилотининг минтақавий бўлими ҳамкорлигида ишлаб чиқилган. Лойиҳа оилавий овқатланиш вақтида жонли мулоқотни кўпайтириш ва болаларнинг электрон қурилмаларга ҳаддан ташқари берилиб кетишининг олдини олишга қаратилган.

Тажриба дастлаб 15 та ресторанда ўтказилади. Унинг натижалари ижобий бўлса, ташаббусни бошқа ресторанларга ҳам ихтиёрий равишда кенгайтириш режалаштирилган.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар