date

ДХХ ва ИИВ наркотиклар айланмасига қарши кенг кўламли рейдлар ўтказди

ДХХ ва ИИВ наркотиклар айланмасига қарши кенг кўламли рейдлар ўтказди

20 январдан бошлаб Ўзбекистонда Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) ва Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) ҳамкорлигида тезкор-қидирув ҳамда профилактик тадбирлар кучайтирилди. Мақсад — мамлакатдаги криминоген вазиятни барқарорлаштириш ва ноқонуний фаолиятларнинг олдини олиш.

Гулистонда аввал судланган, 2002 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги «Гентра» текширувдан тўхтатилган. Ҳайдовчининг мобил телефонида кучли таъсир қилувчи наркотик воситаларга оид маълумотлар аниқланганы ортдан ўтказилган тезкор-суриштирувларда у 2025 йил декабридан бери бир нечта Telegram-каналларда бир вақтнинг ўзида «кладмен» ва «химик» вазифаларини бажаргани, шунингдек Гулистонда нарколаборатория ташкил этгани маълум бўлди.

Тинтув давомида 2,787 кг «Прегабалин», 1 900 дона «Прегабалин» капсуласи, капсуладаги 150 дона «Тропикамид» ҳамда 1 литр суюқ тропикамид, шунингдек ушбу препаратларни тайёрлашга мўлжалланган ускуналар мусодара қилинди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, топилмалар чакана бозорда қарийб 1,8 млрд сўмга баҳоланмоқда. Гумондорга нисбатан ЖКнинг 251-1-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тошкент вилоятида ДХХ ва ИИВ ходимлари 1983, 1988 ва 1998-йилларда туғилган уч нафар фуқарони қўлга олди. Улар шартли харидорга 3 млн сўмга 36 дона «Регапен» таблеткасини сотгани айтиламоқда. «Спарк» автомобилидан яна 108 дона «Регапен» ва 89 дона «Зардекс» таблеткаси топилди.

Тергов давомида Юнусобод туманидаги ижарага олинган уй-жойдан кейинчалик сотиш учун сақланган 7 784 дона «Регапен» ва 200 дона «Зардекс» таблеткаси аниқланди. Ҳуқуқ-тартибот органлари маълумотига кўра, препаратлар етказиб берувчиси 1994 йилда туғилган Қўқонлик фуқаро бўлиб, у Қирғизистондан Тошкентга 5 000 дона «Зардекс» таблеткасини олиб киришга уринган пайтда ушланган.

Ушбу йўналишдаги тезкор тадбирлар натижасида жами 13 217 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари мусодара қилинди. Қўлга олинганларнинг барчасига нисбатан ЖКнинг 251-1-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш танланди.

Тошкент шаҳрининг Миробод туманида талончилик билан боғлиқ ҳолат бўйича бир гуруҳ шахслар ушлангани билдирилди. 1995 йилда туғилган фуқаро тўрт нафар шериги билан бирга 500 АҚШ долларини қўлга киритиш мақсадида икки фуқарони калтаклаганликда гумон қилинмоқда. Ҳолат юзасидан ЖКнинг 165-моддаси 2-қисми («в» банди) билан жиноят иши қўзғатилган.

Шунингдек, пойтахтда «Малика» савдо мажмуасида телефон савдоси билан шуғулланган, 2003 йилда туғилган Тошкентлик фуқаро қўлга олинди. У аввал ЖКнинг 169, 104, 227 ва 168-моддалари билан бир неча бор судланган. Маълумотларга кўра, iPhone 17 Pro Max русумидаги тўртта телефонни кечиктириб тўлаш шарти билан сотиш жараёнида харидор билан келишмовчилик келиб чиққан ва гумонланувчи жабрланувчининг юз ҳамда қорин соҳасига ўткир буюм билан бир неча бор зарба бериб, оғир тан жароҳати етказган. Унга нисбатан ЖКнинг 277-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, шахс ушланган.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Жамият » ДХХ ва ИИВ наркотиклар айланмасига қарши кенг кўламли рейдлар ўтказди